Бугун, 3 июль куни тонг саҳарда Россия армияси Украинанинг жанубида жойлашган Одесса шаҳрига дронлар ёрдамида навбатдаги йирик ҳужумни амалга оширди. Ҳужум оқибатида 4 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, бир нечта киши жароҳат олган. Бу ҳақда Украина Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, дронлардан бири шаҳардаги 9 қаватли тураржой биносига урилган. Натижада, 7-қаватдан 9-қаватгача бўлган хонадонларда ёнғин юзага келган. Оқибатда 7 ёшли бола ва 9 ёшли қиз турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
"Болалар тутун билан заҳарланган. Улар зудлик билан шифохонага етказилди. Бошқа жабрланганларга ҳам зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда уларнинг аҳволи барқарор", — дейди Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер.
Шунингдек, ёнғин содир бўлган ҳудуддан 50 нафар фуқаро эвакуация қилинган. Маҳаллий хизматлар томонидан ёнғин ўчирилган, қутқарув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинлари Украина шаҳарлари ва у ердаги фуқаролик инфратузилмаларига мунтазам равишда зарба бермоқда. Жумладан, жорий йилнинг 17 июнига ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари Киев шаҳрининг турли ҳудудларида жойлашган ўнлаб бинолар, жумладан, тураржойлар, таълим муассасалари ва муҳим инфратузилмаларга ҳужум қилганди.
Хусусан, Соломенский туманидаги тўққиз қаватли бинога ракета тегиб, бутун кириш қисми қулаб тушган эди. Қутқарув ишлари вақтида 21 кишининг жасади вайроналар остидан топилган. 18 июнь куни эса Киевда мотам куни эълон қилинган.
Охирги кунларда кучайган ҳужумлар фонида, таҳлилчилар Россиянинг ёзги ҳарбий стратегияси яна ҳам тажовузкор тус олаётганини таъкидламоқда.