АсосийJamiyat

Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳалари раҳбарлари учрашуви бошланди

'Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳалари раҳбарлари учрашуви бошланди'ning rasmi

 Айни пайтда “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм соҳалари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири. 

Эртага, 20 май куни академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирокида “ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи: туризм ва маданий мерос” номи остидаги туристик форум бўлиб ўтади.

Маълум қилинишича, ушбу форум 2022 йил 15-16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида ташкил этилди.

Форумда ШҲТга аъзо давлатлар: Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг туризм соҳалари раҳбарлари, шунингдек, туризмни ривожлантириш ва маданий меросни асраб-авайлаш бўйича халқаро экспертлар, турли вазирликлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда.

Форумнинг асосий мақсадлари аъзо давлатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик, ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш вазифалари; савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш; маданий ва тарихий объэктларни сақлаш ва сақлаш; ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм салоҳиятини илгари суриш.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва ШҲТ Бош котиби Чжан Минг табрик сўзи билан чиқди.

“Йил сайин ривожланиб бораётган сайёҳлик индустриясини давлатлар миллий иқтисодиётнинг муҳим сегменти ва давлат рақобатбардошлигини оширишнинг стратегик рағбати сифатида баҳоламоқда. Мамлакат раҳбарининг фаол ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли Ўзбекистон туризм бозори халқаро сайёҳларни қабул қилиш учун ўз эшикларини кенг очди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистонга визасиз кириб чиқувчи давлатлар сони 9 тадан 92 тага кўпайди. ШҲТ давлатлари билан туризм алоқаларини янада ривожлантириш биз учун устувор йўналишдир. Сайёрамизнинг жами аҳолисининг 44 фоизини қамраб олган ШҲТ ҳудуди салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган улкан туризм бозоридир. Мисол тариқасида 2019 йилда ШҲТ давлатларидан 250 миллионга яқин сайёҳ хорижда дам олиш учун кетганини келтиришимиз мумкин. (Ҳиндистон 27 миллион, Хитой 155 миллион, Ўзбекистон 1,7 миллион, Қозоғистон 206 минг, Тожикистон 31 минг, Россия 20 миллион). Биз барча кучларни бирлаштириб, бу оқимни, биринчи навбатда, “ШҲТнинг ички туризми”ни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак”, - деб айтиб ўтди Азиз Абдуҳакимов.

Форумда онлайн форматда иштирок этган ШҲТ Бош котиби Чжан Мин бугунги кунда ташкилот олдида туризм соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги, юқори босқичга кўтариш вазифаси турганини таъкидлар экан, бунинг учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар мавжудлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, ШҲТ доирасида кўп қиррали шерикликни ривожлантириш бўйича ШҲТ давлатлари раҳбарлари томонидан белгиланган келишув ва вазифаларни амалга ошириш учун идоралараро доимий ва бевосита алоқалар муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

 

Бошқа янгиликлар