1

“Бугунги сериалларда суратга тушганимдан кўра, уйимда фарзандларимга ўз вақтида иссиқ овқатини берсам ёки бирга дарс қилсам, фойдалироқ”. Салкам саккиз йил деганда театрга қайтган Шодия Абдуқодирова билан интервью

МАДАНИЯТ 26.05.2022, 11:00
“Бугунги сериалларда суратга тушганимдан кўра, уйимда фарзандларимга ўз вақтида иссиқ овқатини берсам ёки бирга дарс қилсам, фойдалироқ”. Салкам саккиз йил деганда театрга қайтган Шодия Абдуқодирова билан интервью

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова нафақат ўзи ва ижодига, балки у билан интервью қилиш истагидаги журналистларга ҳам жуда талабчан. Шу боис ҳар сафар актриса билан суҳбат қуриш олдидан жиддий тайёрланаман. Унинг мулоҳазали, ўринли ва ҳар қандай санъаткор ҳам айта олмайдиган фикрлари томошабинлар учун ҳам қизиқ. Бу галги интервью актриса фаолият юритадиган Ўзбек Миллий академик драма театрида кечди.

— Шодия опа, салкам саккиз йил деганда театрга қайтдингиз. Мослашиш осон бўлмагандир?

— Биласиз, одатда актрисалар томошабинлар ёдидан чиқиб кетмаслик, ўз ўрнини совитиб қўймаслик ва ижодий жараёнда тобланиб туриш учун ҳам тезроқ ишга қайтишга ҳаракат қилади. Аммо мен учун оилавий қадриятлар ҳамиша ижоддан муҳимроқ бўлгани боис шошилмадим. Ўғлим ва қизимга маънавий бойликни мендан бошқа ҳеч ким бера олмаслигини англаган ҳолда вақтимни оилам, фарзандларимга бағишладим. Яна шундай имконият бўлдики, етти ярим йил мобайнида ўзимга, ижодимга, ҳамкасбларим фаолиятига, театр ва кино соҳасидаги жараёнларга оддий томошабин сифатида четдан назар солдим. Театрга қайтгач эса албатта, мослашишим қийин кечди. Чунки салкам саккиз йил аввалги театр билан бугунги театр орасида катта фарқ бор. Нафақат томошабинларнинг театрга нисбатан меҳри, балки ижодкорларнинг ҳам завқи, эътибори сўнгандек туюлди.

— Фаолиятингиз давомида асосан, раҳбар ёҳуд мағрур аёллар қиёфасида намоён бўлгансиз. Аммо яқинда саҳналаштирилган “Аршин мал алан” спектаклида хизматкор ролини ижро этдингиз. Сизни янги ампулада кўриб, истеъдодингизга яна бир марта тан бердим.

— Эътироф учун раҳмат. Оналик таътили даврида марҳум устоз режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев “Искандар” спектаклида бош қаҳрамоннинг онасини ўйнаш учун таклиф қилди. Бироз вақт ўтиб, бизнинг театр учун саҳналаштираётган “Аршин мал алан”да хизматкор Телли ролини ижро этишимни айтиб қолди. 

Қаҳрамоним Телли жуда шўх ва шаддодлиги учун Баҳодир ака “Сен ролларингни ҳам ақл, ҳам ҳиссиёт билан ижро этасан. Аммо Телли каби ролларни ўйнашга ақлинг халақит беради. Бу образни тафаккур қилмасдан, ҳиссиёт билан ижро эт”, дедилар. Бошида бироз қийналдим. Лекин ҳозир саҳнада ролимни завқланиб ўйнайман. Томошабинни кулдира олаётганимга баъзан ўзим ҳам ҳайрон қоламан.

Агар Баҳодир ака менга ишонмаганида ва қанот бўлмаганида, “декрет”дан кейин балки бу соҳадан кетган бўлардим. Чунки ўша вақтларда театр соҳаси қайнамаган, ижод завқи сўнгандек туюлганди ва шу боис театрдан кўнглим совиганди. Аммо ижод завқини туйганимдан кейин яна кетма-кет спектаклларда роллар ўйнай бошладим. Театримиз директори Ёдгор Саъдиевга ҳам раҳмат айтаман. Ёшларни мастер-класс олиш учун Баҳодир Йўлдошевнинг театрига жўнатганди. Бу кўпчилик учун катта мактаб вазифасини ўтади.

— Сизнингча, театр актёрларидаги ижод завқининг сўнишига сабаб нима? 

— Ўзбек театрларига Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов сингари режиссёрлар керак. Мени театрга олиб келган Валижон Умаров ҳам жуда кучли режиссёр. Афсуски, бундай кучли режиссёрлар бармоқ билан санарли. Баҳодир ака бир суҳбатимизда “Шодия, камида яна ўн йил Ўзбекистонда театр режиссёри бўлмайди. Бу муаммога ечим топиш учун йигирма-ўттиз нафар ёшларини хорижга ўқишга юбориш керак. Биз ташлаб кетаётган мактаб афсуски, тугаяпти”, деганди.

Ўша пайтда занжир вазифасини ўташни жудаям хоҳладим. Театрдан бутунлай кетиб, педагоглик фаолиятимни давом эттириш мақсадида Санъатшунослик институтига таянч доктарантурага ҳужжат топширгандим. Аммо Баҳодир ака сабаб театрга қайтдим ва институтда мустақил тадқиқотчи сифатида ўқишни маъқул кўрдим.

— Профессионал актёрлар ҳам сериаллар ва турли лойиҳаларга ўзини ураётган бир пайтда сиз негадир экранларда камнамосиз. Сабаб фақат сценарий билан боғлиқми?

— “Нега кўринмаяпсиз?”, деган саволни кўпчиликдан эшитаман. Айниқса, кўча-кўйда кўрган одамлар “Нима учун киноларда роль ўйнамаяпсиз, санъатдан нега кетдингиз?”, деган саволларни кўп беришади. Уларга “Мен ҳали ҳам санъат оламидаман, театрдаман. Сизлар телевизорда кўраётган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам санъат эмас”, деб жавоб қайтараман.

Саккиз йил ичида “Назира”, “Сизсиз ўтмас кунларим” каби бармоқ билан санарли кино ва сериалларда суратга тушдим. Сценарий ва режиссёрга нисбатан талабчанлигим туфайли таклифларнинг деярли барчасини рад этяпман.

Бугунги сериалларда суратга тушганимдан кўра, уйимда фарзандларимга ўз вақтида иссиқ овқатини берсам ёки бирга дарс қилсам, фойдалироқ. Сериалда мен чиқдим нима-ю, “конфет” актрисалар чиқди нима? Томошабинга фарқи йўқ. Тўқсон фоиз сериаллардаги бош қаҳрамонларни танимайман. “Конфет”лар билан елкама-елка туриб роль ўйнашдан, фақат пул учун савиясиз лойиҳаларга аралашиб қолишдан қўрқаман ва ўзимни олиб қочаман.

Мен нима сабабдан театрни ҳамиша биринчи ўринга қўйиб келганман? Чунки театрларда “конфет”лар йўқ. Уларни ибратхонага келмаганлиги учун катта раҳмат айтаман. Лекин ўзларига нисбатан ишончи ва юраги бўлса, марҳамат, саҳнага чиқиб, роль ижро этишсин. Аммо театрда уларни қўллаб-қувватлайдиган, пул эвазига овозини чиройли қилиб берадиган ҳамкасблар йўқ.

— Режиссёр сифатида кино олиш ёки спектакль саҳналаштириш режангизда борми?

— Албатта, бор. Институтда магистратурани режиссёрлик бўйича тугатганман. Аммо ҳали режиссёрлик даражасига етиб келганим йўқ, назаримда.

— “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига жуда эрта лойиқ кўрилгансиз. Ўша вақтда ҳамкасбларингиз орасида бу хушхабарни ҳазм қила олмаганлар ҳам бўлганми?

— “Декрет”далигимда давлат мукофотини олганман ва буни сира кутмаганман. Ўшанда 30 ёшда эдим. Тўғри, “Ёш қизга давлат мукофоти берилибди, у нима иш қилиб қўйган”, деган турли кесатиқлар бўлган. Кинолардаги ролларим орқали танилган бўлсам-да, лекин унвон театрдаги фаолиятим учун берилган. Бу даргоҳга 19 ёшимда келганман. Ўтган вақт ичида бугунги кунда таниқли бўлган ўнлаб кино актрисалар театр қонун-қоидаларига чидолмай, бу ерни тарк этди. 30 ёшимгача, яъни туғруқ пайтигача 55 та спекталда роль ўйнаган бўлсам, 30 тасида бош қаҳрамонни гавдалантирганман. Мукофотга лойиқ ижод қилаётган, аммо ҳали мукофот олмаган ҳамкасбларим олдида ўзимни ноқулай ҳис этаман. “Мукофотлар ҳам, роллар ҳам, бу – насиба”, дер эди Баҳодир ака Йулдошев. Ҳеч қачон мукофотнинг кетидан қувган эмасман.

— Санъаткорлар орасида АҚШ, Туркия, Россия каби давлатларга ишлаш ёки яшаш учун кетиш ҳолати кўпаймоқда. Сизда ҳам бирор давлатда истиқомат қилиш фикри туғилганми ҳеч?

— Бундай фикр бўлмаган. Театрга энди келган пайтларим маҳоратли ва дилбар актриса Камола Умархўжаева “Америкага кетяпман, инглиз тилини ўрганинг, бирга кетамиз”, деганди. Унинг гапи мен учун қўрқинчли туюлган ва ҳозиргача Ватандан олисда яшашни тасаввур қилолмайман. Чет элга бориб, театр ёки киноларда маҳоратимни оширишни, ролларни ижро этишни жудаям хоҳлайман. Лекин ватанпарварлигим боис кета олмайман (кулади).

— Оила аъзоларингиз ва уларнинг қизиқиши ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Турмуш ўртоғим қурилиш соҳасида фаолият юритади. Касбимни, мени тўғри тушунади ва қўллаб-қувватлайди. Қизим Марямхон саккиз ёшда, 2-синфда ўқийди. У бадиий гимнастикага қизиқади, бир қанча мусобақаларда қатнашиб, медалларни қўлга киритди. Ўғлим Исмоилжон 5 ёшда. Рус тилида яхши гапиради, инглиз тилини ҳам ўрганяпти. Лекин ўзбек мактабида таҳсил олади. Худога шукр, оилам тинч.

— Суҳбат учун катта раҳмат!

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 26 май, 21-сон.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1