Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда тўй куни саҳнада келин-куёв ўйин ўйнаб, мусобақалашгани, натижада, йигит ютқазиб, аламидан қизни ургани тасвирланган видео тарқалганди.
Шундан сўнг, ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби муносабат билдириб, тўйи куни келинни урган куёвга чора кўрилишини маълум қилди.
Бутун дунёда шов-шувга айланиб улгурган бу вазиятга Саида Мирзиёева ҳам бефарқ қарамади.
Унинг фикрича, келинни танловда ғолиб бўлишга журъат этгани учун, тўйда урган куёв видеоси жамиятда катта резонанс уйғотди.
"Бу ҳодиса қаерда содир бўлгани муҳим эмас, ўзимиздами ёки қўшни юртдами, икки кун олдинми ёки икки йилми - фарқи йўқ. Бу жирканч вазиятга бизнинг муносабат муҳим.
Мабодо “аёл эркакка ён босиши шарт”, “ўзи айбдор, тили узун бўлса керак” каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир",-дейди у.
Мирзиёева бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлайди.
"Биз ҳаммамиз ривожланган, маданиятли юртда, бой ва бахтли яшашни хоҳлаймиз. Демак, ҳар биримиз аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англашимиз ва шу қарашда қатъий туришимиз зарур.
Калтабин куёвтўрани қоралаб, келинга раҳмимиз келар экан, ўз фарзандларимизга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлмаслик, яъни мактабни битиргач ўқишни тақиқламаслик, иложи борича тезроқ турмушга беришга ёки уйлантиришга ҳаракат қилмаслик, ўз ақли билан яшашга рухсат бериш муҳимдир. Айнан шу боис бизга истиқболли кенг йўлларни очадиган, аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарур. Таълим бизга ҳаётимизни қандай ўтказишни танлаш имконини беради"-дейди Саида Мирзиёева.






