Ижтимоий тармоқларда тўй куни саҳнада келин-куёв ўйин ўйнаб, мусобақалашгани, натижада, йигит ютқазиб, аламидан қизни ургани тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 6 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлиб ўтган никоҳ тўйи маросимида келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик берилган ва уни ким биринчи бўлиб очиш (“Сюрприз” ўйини) ўйини ўтказилган.
Ўйин давомида келин биринчи бўлиб ширинликни очганлиги сабабли бу ҳолатдан куёвнинг жаҳли чиқиб, келинни бир маротаба урган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х. Р. (куёв)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судга юборилди”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, келин-куёв ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Шунингдек, Хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳам вазият юзасидан ўз муносабатини билдирди:
"Ушбу ҳолатни мазкур маҳаллада яшовчи маҳалладошлари видеотасвирга туширган ва тасвирга олган шахс томонидан интернетга жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат олиб борилиб, мазкур ҳолат муҳокама қилинди. Фуқаро Холқўзиев Рустам Эшмамат ўғлининг хатти-ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик ҳолати мавжудлиги сабабли ҳужжатлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Узун туман Судига юборилди", дейилади хабарда.






