Айни дамда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган йиғилишда келтирилишича, чет элда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган ўзбекистонликларни, уларнинг мамлакатда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, бундай фаолият ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги учун Конституцияга давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади, деган қоидани киритиш даркор.
"Биз учун инсон саломатлиги – миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлаш, унинг генофондини сақлаш, барқарор миллий стратегиямизнинг муҳим таркибий қисмидир. Бу мақсадларга эришиш учун, менимча, Конституциямизда белгиланган “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган умумий норма етарли эмас. Бу моддани кенгайтириб, тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитиш шарт, деб ҳисоблайман”,-дейди Мирзиёев.






