АсосийJamiyat

"Мен бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман". Президентнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бошланди

'"Мен бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман". Президентнинг  Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бошланди'ning rasmi

 Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

“Хабарингиз бор, биз халқимиз билан маслаҳат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни бошладик. Энг муҳими, ўтган 6 йил мобайнида бутун жамиятимиз қайта уйғонди, одамларимиз янгича фикрлаш, ишлаш ва яшашга интилмоқда.

Бугун мана шу демократик янгиланиш жараёнларига янгича руҳ ва шиддат бериш, ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш зарурлигини барчамиз яхши англаб турибмиз", - деди президент. 

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда фуқаролар томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.  Хусусан, ўтган йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган.

Сайловчиларнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

“Барча фуқароларимиз каби мен ҳам бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман. Аҳолимиз, жамоатчилигимиз вакилларининг конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани барчамизни қувонтиради.  Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.  Шу боис, бугун сиз, ҳурматли комиссия аъзолари билан бевосита учрашиб, фикр алмашишни зарур, деб ҳисобладим. Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз, - деди давлат раҳбари. 

Қайд этилишича, бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқаролардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушган. Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилди ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар