1

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш тизими тўлиқ ўзгаради

ЖАМИЯТ 06.07.2022, 18:33
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш тизими тўлиқ ўзгаради

Айни пайтда президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш тизими тўлиқ ўзгариши таъкидланди. Эндиликда:

  • халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларга Техник кенгаш хулосасини олиш тартиби бекор қилинади;
  •  халқаро стандартлар асосида хорижда экспертизадан ўтказилган лойиҳалар тўғридан-тўғри тан олинади;  
  •  шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари камида 2 бараварга қисқаради ҳамда халқаро меъёрларга мослаштирилади;
  •  шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳар 3-4 йилда янгиланади (амалда 7-8 йил).

 

Қурилишда товарлар ва хизматлар нархларини шакллантириш тизими ҳам тартибга солинмагани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, инвестиция дастури доирасида айнан бир хил объект учун қурилиш қиймати турлича белгиланмоқда. Ёки, қурилишда ишларни баҳолашга бўлган ягона ёндашув йўқ. Бунинг оқибатида, талон-торожлик ва коррупция учун шароит яратилмоқда.

Масалан, темир-бетон ишлари учун 6 хил ҳисоб-китоб усули мавжуд бўлиб, нархдаги тафовут ҳам шунчага фарқ қилади.

Эндиликда:

  •  шаҳарсозлик нормаларидан қурилиш ишларини баҳолаш билан боғлиқ бўлган 147 та норма чиқариб ташланади;
  •  “Қурилиш ресурслари классификатори” платформаси ишга туширилиб, 100 мингдан зиёд қурилиш материаллари ва хизматларининг бозор нархи шакллантирилади.

 

Яна бир муҳим масала – мамлакатимиздаги 2 мингдан зиёд лойиҳа ташкилотидан 10 тасида рақамли технологиялар жорий қилинган.

Бугунги кунда 30 та етакчи давлат лойиҳа ташкилотида 10 фоиз мутахассислар биноларни рақамли моделлаштириш сертификатига эга.

Буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўлмагани боис, Инвестиция дастурига кирган объектлар лойиҳасига 5-6 ой вақт сарфланмоқда.

Ваҳоланки, ҳудудларда ҳар йили қурилаётган мактаб, боғча, тиббиёт муассасаларининг намунавий лойиҳасидан фойдаланиб, муддатни камида 2-3 ойга қисқартириш мумкин.

Шу боис, “Шаффоф қурилиш” дастурида “электрон каталог” яратилиб, ижтимоий объектларнинг намунавий лойиҳалари жойлаштириб борилади. Ундан барча буюртмачилар ва лойиҳа-пудрат ташкилотлари эркин фойдаланиши мумкин бўлади.

Вилоят ҳокимликлари қошидаги Ягона буюртмачи компаниялари фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳозирда ҳудудларда лойиҳанинг техник топшириғини тўғри ишлаб чиқиш, ўз вақтида ва сифатли топшириш жараёнларини бошқарадиган менежерлар йўқ.

Вилоят ҳокимлари, Қурилиш вазирлигига икки ой муддатда Ягона буюртмачи бўлган компаниялар фаолиятини қайта кўриб чиқиш топширилди. Бунда:

  •  вилоятларнинг Ягона буюртмачи бўлган компаниялар бошқарувига хорижий менежерлар олиб келинади;
  •  лойиҳа сифатини таъминлаш учун камида 1 нафардан малакали лойиҳа архитектори ва муҳандислар жалб қилинади;
  •  қурилиш жараёнини бошқариш, иш ҳажми ҳисобини юритиш рақамлаштирилади.

Шу билан бирга, келгуси йилдан Ягона буюртмачи компанияларининг:

  •  лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  •  янги қурилишлар бўйича техник назорат функциялари аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади.

 

Бу ишларни қилиш учун Ягона буюртмачи компанияларга малакали мутахассисларни жалб қилиш, лабораториялар аҳволини яхшилаш, манфаатини кўпайтириш учун молиявий имкониятлари кенгайтирилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1