Яқин-яқингача эҳтиёжманд беморларнинг республика тиббиёт марказларида даволаниши учун қоғоз шаклидаги “ордер” тизимидан фойдаланилганидан хабарингиз бор.
Оқибатда бундай имтиёзлар кўп ҳолларда таниш-билишчилик асосида берилгани, қолаверса, “ордер” учун маблағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, ҳар йили ўтказиб келингани сир эмас.
Оқибатда ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳоли даволаниш учун йиллаб навбатда турган бир вақтда, айрим марказлар самарасиз молиялаштириб келинган.
Энди бундай амалиётдан тўлиқ воз кечилди. Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, очиқ ва шаффоф тизимга ўтилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Натижада ўтган йил 1 октябрдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тармоғи орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига 14 та тиббиёт муассасаси ўтказилди.
Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази, академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Болалар миллий тиббиёт маркази шулар жумласидан.
Мазкур тиббиёт муассасаларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинди.
Унинг ўрнига молиялаштиришнинг янги механизмига мувофиқ беморларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилди.
— Бу жараёнда касалликнинг оғирлик даражасига кўра, ахборот тизими орқали навбатда туришнинг шаффоф механизмлари амалиётга татбиқ қилинди, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Фаррух Шарипов. — Шу тариқа беморларга ўзининг сўрови, мурожаати ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни олиш имкони яратилди.
Айни вақтда эса беморларга уларнинг касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда даволанишни таъминлайдиган йўлланмалар берилмоқда.
Ушбу йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади. Бемор давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида тиббий хизматлардан фойдаланишни ўзи ихтиёрий танлай олади.
Жамғарма билан шартнома тузган тиббиёт муассасасида муолажалар амалга оширилгач, кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга кўра, ушбу шифо масканига базавий нархлар доирасида сарфланган маблағ бюджет ҳисобидан тўлиқ тўлаб берилади...






