АсосийJamiyat

Ўзбекистонда жазирама кунларда “Тез ёрдам” хизматига қанча бемор мурожаат қилди? ССВ жавоб берди

'Ўзбекистонда жазирама кунларда “Тез ёрдам” хизматига қанча бемор мурожаат қилди? ССВ жавоб берди'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, ўтган ҳафта Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида 17 июлдан бошлаб юртимизда юқори ҳарорат кузатилмоқда.

Соҳа мутахассислари ушбу жазирама ҳафта давомида сақланиб қолиши, хусусан, 21-23 июль кунлари мамлакатимизда кундузи ҳарорат 43-45 даражагача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида эса 47 даражагача кўтарилишини тахмин қиляпти.

Бундай ноқулай иқлим, энг аввало, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.  

Иссиқ ҳавода сурункали хасталиклар хуруж қилишини эътиборга олсак, “Тез ёрдам” хизмати ходимлари зиммасига бу борада алоҳида масъулият юкланади. Хўш, Ўзбекистонда жазирама иссиқ кунларда “Тез ёрдам” хизматига қанча мурожаат бўлмоқда? Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълумот тақдим этди. 

— Юртимизда аномал иссиқ бошланган 17 июлдан бугун, 20 июль соат 06:00 га қадар Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 130 минг 115 та чақириқ келиб тушди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий  марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари  Давлатбек Юлдашев.

— Мурожаатчиларнинг 23  минг 421 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар ташкил этди. Уларнинг 4215 нафари эса госпитализация қилинди.

 Қолаверса, ушбу саналарда Тошкент шаҳар “103” хизматига жами 11 минг 821 та чақириқ келиб тушган. Мурожаатларнинг 4 минг 235 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас қисиши, астма ва бошқа касалликлар бўйича беморлар ташкил этди. Уларнинг 2 минг 185 нафари эса даволаниш учун шифохоналарга ётқизилган.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, юртимизда жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилди.

Хусусан, юртимиздаги 1010 та поликлиника, 923 та оилавий шифокор пунктида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб 2762 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги зарурат бўлмаса, аҳолидан жазирама пайти ташқарига чиқмасликни, тез-тез суюқлик ичиш, имкон қадар ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия этади.

 

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар