Куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби кийиниш хонасига видео кузатув камералари ўрнатилганлиги ва бундан ота-оналар норози эканлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими Ишчи гуруҳи ўрганиш олиб боргани ҳақида маълум қилди.
Унга кўра, ҳақиқатан мактаб маъмурияти ўқувчилар кийиниш хонасига видео кузатув камераси ўрнатган. Гарчи, бу этика ва ахлоқ қоидаларига зид бўлса-да, ушбу ҳолатни мактаб директори У.Рашидова кейинги пайтларда ўқувчилар ўртасида ўғирлик ва шунга ўхшаш ҳолатларни олдини олиш, улар ўртасида тартиб-интизом ўрнатиш, назоратни кучайтириш ҳамда ўқувчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида Ота-оналар кузатув Кенгаши таклифига кўра, камера ўрнатишга мажбур бўлганлиги билан изоҳлади. Жумладан, ўқувчилар жисмоний тарбия дарси машғулотларига чиққан маҳалида бир неча маротаба мобил телефон, тақинчоқлар, пуллар йўқолган. Бу каби нохуш ҳолатлар бўйича бир неча маротаба ички ишлар идоралари вакиллари, ота-оналар иштирокида баённомалар тузилган. Бу камера орқали фақат юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолат сабабчиларини аниқлаш кўзда тутилган, холос. Унда камера тасвирга олган лавҳалар жамоатчиликка тақдим этилмаган, видео кузатув фақат директор хонасида ўрнатилган “пульт” орқали амалга оширилган. Нафақат, кийиниш хонасидаги, балки таълим муассасасидаги мавжуд 250 та видео кузатув камералари фақатгина мактаб директори назоратида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.
Кеча мактаб маъмурияти томонидан кийиниш хонасидаги камера олиб ташланган.
"Шу ўринда бир савол туғилади, ҳурматли ота-оналар фарзандлари орқали вазиятга ойдинлик киритиб, ҳолатни тасвирга олишган экан, нега дастлаб мактаб маъмуриятига ўз эътирозларини билдиришмади? Қолаверса, камера ўрнатиш ташаббуси мактаб маъмуриятининг эмас, Ота-оналар кузатув Кенгаши вакилларидан чиққанку?! Бу каби ички муаммоларни турли ижтимоий тармоқ саҳифаларида достон қилиш қайси одоб-ахлоқ қоидасига тўғри келади?! Ахир бу каби таълим муассасаларида ўз фарзандингиз таълим олади. Шундай экан, танганинг иккинчи томони ҳам борлиги ҳисобга олинса айни муддао бўлар эди", - дея жамоатчиликка мурожаат қилади ХТБ






