Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботида келтирилишича, ўтган ҳафтада дунё бўйича ҳар 44 сонияда бир киши CОVID-19дан вафот этган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Аслида бу — хавотирли кўрсаткич. Бироқ, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг фикрига кўра, сайёрамизда умумий эпидемиологик вазият яхшиланмоқда.
Хусусан, шу йил февраль ойидан буён коронавирусдан ўлим ҳолатлари 80 фоизга камайган. Ваҳоланки, йил бошида ҳар 12 сонияда бир бемор ушбу хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмаётган эди.
“Лекин пасайиш тенденцияси келажакда ҳам давом этишига кафолат йўқ, — дейди Т. Гебрейесус. — Ҳамма пандемия ҳали тугамаганини эшитишдан чарчади. Аммо шуни унутмайликки, бу вирус ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди”.
Ана шундан келиб чиқиб, мутахассислар коронавирусга қарши вакциналар имкониятидан янада кенгроқ фойдаланиш кераклигини қайд этмоқда. Бу, аввало, касалликнинг олдини олиш, қолаверса, янги мутацияларнинг беморларда енгил ва асоратсиз ўтишини таъминлайди.