Ҳиндистонлик тўрт ўсмир бола селфига тушиш мақсадида денгизга келганда, кучли пўртана уларни сувга улоқтирди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Воқеа шу кунларда Ҳиндистоннинг Махараштра штатида бўлиб ўтган. Етти кишидан иборат ўсмирлар гуруҳи Аравий денгизи қирғоқларида дам олаётганда биргаликда селфига тушмоқчи бўлишган. Пўртана кўтарилганига қарамай, тўрт нафар ўсмир сувга тушиб, бир неча маротаба расмга тушган. Аммо улардан бири янаям ичкарироқда, тўқинлар бағрида суратга тушишни истаб қолган. Аммо пўртана уларни денгизга улоқтирган. 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўсмирларнинг жасадларини топиш бўйича ўтказилган барча қидирув ишлари муваффақиятсиз якун топган.
Июнь ойининг охирида селфи тушаётган ҳиндистонлик, 7 нафар талаба йигитнинг Ганг дарёсига ғарқ бўлгани ҳақида ҳам хабар берган эдик. Февраль ойида Мумбай шаҳар маъмурияти, шаҳарнинг хавфли ҳудуди ҳисобланган 16 та туманида селфига тушишни тақиқлаган эди.