Виннипегеда ўтказилган матбуот анжуманида кри миллатига мансуб икки канадалик эркак 41 йил мобайнида бегона оилада вояга етгани тасдиқланди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Улар 1975 йилда дунёга келган вақтида туғруқхонада алмаштириб қўйилган. Тадбирда ДНК тест натижалари эълон қилиниб, Леон Свенсон (Leon Swanson) ва Дэвид Тейт (David Tait Jr.) лар мутлақо бегона оилада вояга етганлиги тасдиқланди.
“Нима дейишга ҳам ҳайронман, орадан 41 йил ўтган... Гапиришга тилим ожиз...”, деди Тейт. У ўзини вояга етказган ота-онасини жуда ҳам яхши кўришини, улардан воз кечмаслигини, яна бир ука-ю, ота-онага эга бўлганидан хурсандлигини билдирди. Тейт ва Свенсонлар оиласи ягона ва катта оилага айланишга қарор қилишди.
Леон ва Дэвид Манитоба вилоятининг Norway House Indian Hospital касалхонасида уч кунлик фарқ билан дунёга келган. Айнан шу тиббиёт муассасида 1975 йилда улардан бошқа икки канадаликнинг жойи алмаштириб қўйилгани ҳақида ноябрь ойида хабар тарқалгандан кейин Тейт ва Свенсонлар ҳам ДНК тестидан ўтишга қарор қилган.
Канада Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманидан кейин ҳукумат томонидан тергов ишлари бошланган. Вазирлик улар ягона алмашиб қолган чақалоқлар эмас деб ҳисобламоқда. Манитоба вилоятида бўлиб ўтган бу воқеадан кейин тиббиёт соҳасида врачларнинг хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилган.