1

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ратификация қилинган халқаро шартномалар нимани англатади?

ЖАМИЯТ 03.12.2022, 18:35
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ратификация қилинган халқаро шартномалар нимани англатади?

Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда прагматик ва очиқ ташқи сиёсат олиб бораётгани, барча давлатлар, айниқса Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни ривожланитиришга устивор йўналиш сифатида қаралаётгани бугун кўпчиликка маълум. Мамлакатимиз илгари сурган очиқлик, ўзаро манфаатлардан келиб чиққан дўстона ташқи сиёсати Марказий Осиёда ўзаро ишончга асосланган сиёсий муҳит пайдо бўлишига хизмат қилди. Минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақа давлатлари ўртасида кўп йиллардан бери сақланиб келаётган мавжуд муаммоларни ҳал қилишга катта эътибор қаратила бошлади.

Ўзбекистон раҳбарининг йиллар давомида тўпланиб, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш йўлида ғов бўлиб келаётган энг мураккаб масалаларга ечим топиш йўлидаги ҳаъракатлари хорижий сиёсатшунос ва экспертлар томонидан ҳам, минтақамиз аҳолиси томонидан эътироф этилиб келинмоқда.

Минтақада ҳамкорлик ва барқарор ривожланиши йўлида кўп йиллардан бери тўсиқ бўлиб келган долзарб муаммолар ўз ечимини топа бошлади. Тарихий қисқа вақт ичида чегаралар ва минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш каби нозик масалаларни ҳал қилишда улкан ижобий натижаларга эришилмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон ва Қирғистон Президентлари томонидан “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома” ҳамда “Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битим”ни ратификация қилиш бўйича қонунлар имзолангани ҳар икки давлат учун ҳам мана шу йўналишда эришилган тарихий натижа ҳисобланади.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 сентябрдаги Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи мазкур йўналишдаги дастлабки ижобий қадамлардан бири бўлган эди. Ташриф давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси ҳақидаги шартноманинг келишилган қисми ҳақидаги шартнома имзоланишичегарани делимитация ва демаркация қилиш, чегараолди муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этган эди.

Яқинда икки давлат томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ратификация қилинган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома 13 та моддадан иборат бўлиб, унда ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкадаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланди.

Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон (Кампиробод) сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.

Шунингдек, Қирғизистонга Андижон (Кампиробод) сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади. Қирғиз томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади. 

Шартномага кўра, Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш масалаласи ва Сўх туманидаги “Чашма” булоғи жойлашган участка алоҳида шартномалар билан тартибга солиниши келишилган. Шу билан бирга, ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг айрим участкаларида демаркация ишлари тўла тугалланмагунча Давлат чегарасини назорат қилиш ва қўриқлаш ердан ҳақиқий фойдаланиш чегалари бўйлаб амалга оширилади.

Томонлар ратификация қилган иккинчи муҳим ҳужжат - “Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битим 11 та моддадан иборат. 

Мазкур Битимга асосан Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Қўшма комиссия тузилди. Ҳар икки давлат томонидан Битимни амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органлари ва уларнинг ўзаро ҳамкорлик тартиблари, томонларнинг ўзаро мажбуриятлари белгиланди. Ҳужжатда сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳам ўз аксини топган.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу келишувлар натижасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг умумий узунлиги 302,29 км бўлган чегара чизиғини делимитация қилиниши мазкур ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олади.

Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқарилиши натижасида 8 мингга яқин фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти яратилади, бу эса 2,5 млн. тоннадан ошиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда камида 500 млн. долларга тенг бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш имкони беради.

Томонлар манфаатларини ҳисобга олган мазкур халқаро келишувлар нафақат 

Шубҳасиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ратификация қилинган бу халқаро ҳужжатлар ҳар икки давлат учун ҳам, ҳар икки қардош халқ учун ҳам бирдай манфаатлидир. Қолаверса, бундай саъйи-ҳаракатлар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада ривожланиши, халқларимиз ўртасида ўзаро ишончни кучайиши ҳамда минтақамизда барқарорликни мустаҳкамланишига яна бир пойдевор бўлади.
                                                                                                                                                                                            
 Анвар Эминов, таҳлилчи

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1