"Ўзгидромет" башорат қилганидек, Ўзбекистонда қиш 1 декабрдан кириб келди. Дам олиш кунлари республикада ҳаво ҳарорати кескин тушиб, Нукусда -17 даражани, куни кеча Навоий вилоятида эса -23 даражани кўрсатди. Якшанба кунидан бошлаб эса ҳудудларда навбат билан қор ёғишни бошлади ва ҳамон давоми этмоқда. Жумладан, Тошкентда бошланган қор бир қанча тизимда муаммоларни юзага чиқармоқда: жамоат транспортлари кечикиши мумкинлиги айтилди, метан "заправка"лар фаоляити тўхтатилиши эълон қилинди. Кўчаларда эса яхмалак келтирган "пробка"лар кузатилмоқда, метан йўқлиги учун "Яндекс" хизмати ҳам тўхтаилгани айтилмоқда.
Бугун душанба, иш куни бошланиши билан пойтахт ана шундай муаммолар гирдобида қолди. Ҳолатга фаол депутат Расул Кушербаев ўз баҳосини бериб, таклиф билан чиқди.
"Жамоат транспорти қониқарсиз аҳволда турган вақтда, асосий ёқилғи тури сифатида метан газдан фойдаланишга ўтган транспорт воситалари соатлаб, балки суткалаб газга навбат кутиб қолмоқда. Айрим ҳайдовчилар бу совуқда газдан умидини узиб қўл силтаб ҳам қўйишди: уларгаям соғлиқ керак.
Бу шароитда энг кўп азият чекадиганлар бу-жамоат транспортида ишга қатнаб ишловчи ишчилар ҳисобланади.
Жамоат транспорти йўқ, бори ҳам тиқилинч, таксилар нархи ошиб кетган, қатнов камлиги сабаб ушбу ҳафтада кўпчилик ишчилар ишга боришда кутилмаган қийинчиликларга дуч келишади.
Шу боис, иш берувчилар, раҳбарлар ўз ишчиларининг реал шароитидан келиб чиқиб уларга маълум имтиёзлар бериши шарт, деб ҳисоблайман. Масалан, уларнинг ишга кеч қолиб келиши, кела олмаслиги ёки ишдан эрта кетишини енгиб бўлмас шароит таъсиридаги ҳолат сифатида бахолаб, бу учун ҳеч қандай жазо берилмаслиги керак.
Аксинча ишчиларга айни шундай кунларда шароит яратиб, уларни қўллаб-қувватлаш зарур.
Ўйлаймизки, виждони бор, ишчиларига ғамхўр ҳар бир раҳбар мана шундай йўл тутади.
Наилож: энергетикамизни аҳволи иссиқ ва шохона шароитда яшовчи раҳбарлар томонидан кўзбўямачи рақамлар, яширин келишувлар сабаб шу даражага тушириб қўйилганидан кейин унинг жабрини оддий ишчилар тортади албатта.
Дарвоқе, энергетика соҳаси фақат Энергетика вазирлиги томонидан бошқарилмайди. Эътирозларимиз уни кўзга кўринмас бошқариб, ботқоққа ботирганларга", - дея ёзиб қолдирди депутат.






