Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида "Spark" ҳайдовчиси пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 декабрь куни соат 21:45 ларда Оҳангарон туманида "Spark" ҳайдовчиси пиёдани уриб юборган ва фуқарога биринчи ёрдам кўрсатмасдан, воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда фуқаро вафот этган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ЙТҲни 1996 йилда туғилган, Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган.
“Олмалиқдан хотиним билан қайтаётгандим. Йўлни ўртасида одамни кўрдим, машинани ёнга олдим. Лекин ойнам хира бўлгани учун уни уриб юбордим. Шок ҳолатга тушдим. Ўзимни билмай тўхтамасдан кетиб қолдим. Шифохонани топиб, унинг ҳолатини билмоқчи бўлдим. Бунақа аврариялар бўлганда ҳаммага ички ишлар органларига хабар бериш ва тез ёрдамни чақиришни тавсия қиламан”, - дейди айбланувчи.
Фуқарога нисбатан Жиноят кодекснинг 266 ва 117-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.