Наманган вилоятида фуқароларнинг пластик картасидан 86 миллион сўмдан ортиқ пулларни ўзлаштирган банк ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, уларнинг банк картасидан жами 86 миллион сўмдан ортиқ пуллари номаълум шахс томонидан ечиб олинганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахслар Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган, банк ходими У.А. ва унинг иш ўрганувчиси (стажёр) О.А. биргаликда амалга оширгани аниқланган.
Жиноятчилар хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мижозлар томонидан ишониб топширилган банк карталарини янгилаб бериш вақтида банк карталаридаги пулларни ўзлаштиргани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






