АсосийJamiyat

⚡️ "Док-1 Макс, Цинепар Кид, Амбронол..." Яна 10 га яқин бола Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилди

'⚡️ "Док-1 Макс, Цинепар Кид, Амбронол..." Яна 10 га яқин бола Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилди'ning rasmi

Ўзбекистонда 20 нафар бола "Док-1 Макс" дорисини истеъмол қилиб вафот этган эди. Айни пайтда "газета.уз"нинг хабар қилишича, ҳозирда Республика шошилич тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимида яна 10 нафарга яқин бола шамоллаш асоратлари билан ётибди. Улар фақат "Док-1 Макс" эмас, балки "Цинепар Кид", "Амбронол" каби дориларни ҳам қабул қилган.

Маълум қилинишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (16-шаҳар шифохонаси) болалар реанимация бўлими бошлиғи Алишер Мустақимов ҳозир 14 бемор реанимация бўлимида даволанётгани, уларнинг 10 нафари шамоллаш асоратлари билан ётганини айтган.

"Ҳозирги пайтда буйракка асорат бераётган респиратор инфекциялар сони бир мунча ошган. Буйрак етишмовчилиги билан ётган касаллар ўзи ҳар доим бўлган. Ҳозир ҳам бор. Айни вақтда ошиб кетди, кўпайди деёлмайман. 10 нафар беморнинг бир неча нафарининг онаси шамоллашга қарши бўлган дориларни ичишганини айтди. Лекин, бу ҳозирча ўз тасдиғини топгани йўқ. Ҳозир битта дорига тақалиб қолишдан йироқдамиз. Чунки, бундай дориларни ичмасдан буйрак касаллиги билан оғриганлар ҳам бор. Бир неча хил дориларни бирга қабул қилган беморлар ҳам бор. Уларнинг биттасини қўллаган беморлар ҳам бор", — дея таъкидлади шифокор.

Тиббиёт марказига келган беморнинг қариндоши жияни ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволанаётганини маълум қилди.

Бемор болаларнинг яқинлари гўдаклар "Цинепар Кид", "Амбронол" каби дориларни истеъмол қилганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда  "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади  ва  сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди. 

Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам  “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.

    Бошқа янгиликлар