9 январь куни Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан Россия шимолида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланиши ҳақида хабар берган эдик.
-22 даража совуши кутилаётган об-ҳаво инсонларнинг ҳақли хавотирига сабаб бўлмоқда. "Ўзгидромет" мутахассиси аҳолидан ортиқча ваҳимага берилмасликни сўради.
Мутахассиснинг маълум қилишича, Тинч океанидаги Ла-Нинъо ҳодисаси мана учинчи йилдирки давомли кузатилмоқда. Мазкур ҳодиса уч йил Ўзбекистон қишида тўсатдан ҳароратни кескин совутиб юборувчи совуқ оқимларнинг қишда минтақага тез-тез ташриф буйиришига олиб келган. Ҳатто, совуқ ҳаво оқимларининг кириши март ва апрел ойларида ҳам кузатилиб, қишлоқ хўжалигига етарлича зарар келтирмоқда.
Қишда тўсатдан бир икки совуқ ҳаво оқимларининг кириши бутун бир қиш мавсуми совуқ ўтишини англатмайди. Охирги йилларда баҳорги совишларнинг салбий оқибати ҳам қишнинг анча илиқ ўтганидан далолат. Чунки, дов-дарахтлар илиқ қиш кунларида тезда уйғониш фазасига ўтиб қолмоқда.
"Об-ҳаво прогнозларига ваҳимали мазмунда қарашни тўхтатиш зарур. Ҳозир замон ўзгарган. Замонавий рақамли технологиялар ҳамин қадарки, ҳар бир оқимнинг ҳаракат йўлларини олдиндан прогноз қилиб бериш имкониятига эга. Ўша ҳаракатларни синоптиклар "гапиртира олиши" ва барча тармоқларга анча олдин етказа олиши ҳозирги замон талаби. Уларнинг оқлаш даражасининг юқори бўлаётганини ҳаммамиз ҳис қилиб турибмиз. Бунинг ҳаммаси бизнинг фаровонлигимиз гарови"-, дейилади хабарда.






