Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг берган хабарига кўра, департаментнинг Янгийўл туман бўлими томонидан “Uztransgaz” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “Тошкент магистрал газ қувурлари” бошқармаси масъул шахслари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари оқибатида, “H.G.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасининг газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш орқали умумий қиймати 10,7 млрд сўмлик табиий газ ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Жондор туман бўлими томонидан “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда, “A.z.” ва А.А. МЧЖ масъул шахслари тумандаги “Жондор 1” ГТСнинг “Пешқандоқ” қишлоғи йўналишидаги газ қувурига яширинча уланишиб, “А.z.” МЧЖ 4,8 млрд сўмлик, “А.А.” МЧЖ 4,9 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департамент ҳамда ДХХнинг Шаҳрихон туман бўлим томонидан “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, ушбу филиалнинг туман бўлими муҳандиси Н.Р. ва бошқалар ўзларининг моддий жавобгарлигидаги умумий қиймати 36,7 млн сўмлик 68 дона газ баллонларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 169-моддаси (ўғрилик), 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.
10.01.2023 11:17
3 та туманда табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди






