АсосийJamiyat

Тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Наманганда яшириб кетилган наркотик моддалар мусодара қилинди — ДХХ (видео)

'Тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Наманганда яшириб кетилган наркотик моддалар мусодара қилинди — ДХХ (видео)'ning rasmi

ДХХ томонидан Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятларида наркотик моддалар мусодара қилинди, дея хабар берди "darakchi.uz"га ДХХ матбуот хизмати. 

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи, 1993 й.т. фуқаро ўзининг жиноий шериги бўлган, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи, 1969 й.т. шахс билан, муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан олиб келиниб, Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудига яшириб кетилган 1 кг 841 гр. “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада Олтиариқ туманида ҳаракатланаётган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланди. Таъкидлаш лозимки, мазкур фуқаролар муқаддам содир этган ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган. 

ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳрида яшовчи, 1975 й.т. фуқаро Қирғиз Республикасидан олиб келинган 964 гр. “гашиш” моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

Бу йўналишда ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди. Хусусан, Булоқбоши туманида яшовчи, 1996 ва 1998 йилларда туғилган икки фуқаро Хўжаобод туманида 630 гр. “гашиш” моддасини 5800 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу ҳолатда ажал оғуси Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Хўжаобод тумани ҳудудига ўтказилган.

Самарқанд шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Тойлоқ туманида яшовчи, 1961 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 352 гр. “опий” моддасини 5 минг АҚШ долларига сотган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Аниқланишича, ушбу наркотик модда Тожикистон Республикасидан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар