1

«Фарзанд туғилмагунича ажратишмайдими?», «Никоҳ бекор қилинмай уйланса...» каби саволларга мутахассис жавоблари

САВОЛ-ЖАВОБ 24.09.2016, 09:47
Теглар: Аёл, Савол-жавоб, Оила
«Фарзанд туғилмагунича ажратишмайдими?», «Никоҳ бекор қилинмай уйланса...» каби саволларга мутахассис жавоблари

Мурожаатларингизга адвокат Нафиса ИБРАГИМОВА ҳамда Миробод тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директор ўринбосари Бегзод ОЛИМОВ жавоб берадилар. Эслатиб ўтамиз, мутахассислар изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

«ФАРЗАНД ТУҒИЛМАГУНИЧА АЖРАТИШМАЙДИМИ?»

— Айрим сабабларга кўра, эрим билан ажрашмоқчимиз. Туғилажак фарзандимга отасининг эмас, бобоси (менинг отам)нинг насабини берса бўладими? Аёл ҳомиладор бўлса, ажрим масаласи кўрилмайди, дейишди. Шу ростми?

Мунира САИДАҲМЕДОВА, Тошкент вилояти

— Амалдаги қонунчиликка кўра, аёл ҳомиладор бўлса, фарзанд туғилиб то бир ёшга тўлмагунига қадар никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари суд иш юритувига қабул қилинмайди. Иш юритувига қабул қилинган ҳолатларда эса иш юритилиши тугатилади. Фарзандга фамилия бериш, уни ўзгартириш масаласи эса ота-оналар ўртасида ҳал қилинади.

 

«ЭРИМ РОЗИ, АММО...»

— Ҳозирда яшаб турган уйимиз марҳум қайнонамнинг номида. Қайнотам кўзим очиқлигида уйни ўғлимнинг номига ўтказиб берай деяпти. Аммо бу ишда турмуш ўртоғимнинг шахсан ўзи қатнашиши керак экан. У бўлса озодликдан маҳрум этилиб, белгиланган жазо муддатини ўтаяпти. Юзага келган ҳолат бўйича қандай маслаҳат бера оласиз?

Барно АҲМЕДОВА, Тошкент вилояти

— Қайнотангиз, меросхўрлик (агар у биргаликдаги мулк бўлса, иккидан бир қисмига эгаликни белгилаш ҳақида) гувоҳномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага мурожаат қилиши лозим. Мерос расмийлаштирилаётган вақтда иштирок этолмаган меросхўрларнинг улушлари очиқ қолдирилади. Агар эрингиз жазо ўтаётган жойдан яқинларига ўз номидан меросни расмийлаштириш учун ишончнома бермаган бўлса, унинг мерос улуши очиқ қолади.

 

«БИР ХОНАДОНДА ИККИТА БОЛА БЎЛСА, ЁРДАМ ПУЛИ АЖРАТИЛМАЙДИМИ»

— Фарзандим ва жияним учун икки ёшгача бўлган бола пули масаласида маҳаллага мурожаат қилгандим. «Бир хонадондан иккита болага ёрдам пули ажратилмайди» дейишди.  Чиндан ҳам шундайми?

Нафиса ХЎЖАМОВА, Нукус шаҳри

— Доимий рўйхати битта жойда бўлиб, бир хонадонда яшаса, фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд, деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

 

«НИКОҲ БЕКОР ҚИЛИНМАЙ УЙЛАНСА...»

— Фарзандим билан ота уйимга қайтиб келдим. Орадан уч ой ўтиб, эрим бошқа аёлга уйланди. Ўртада бола бўлгани туфайли ажрим масаласи узил-кесил ҳал этилмаган. Қонуний никоҳи бекор қилинмай, эркакнинг бошқа аёл билан яшаши қўшхотинлик ҳисобланмайдими?

 Моҳинур АҲМАДЖОНОВА, Самарқанд вилояти

— Бир вақтнинг ўзида битта рўзғор юритиб, иккита аёл билан яшаш қўшхотинлик, деб аталади. Бунга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.

 

«ИМОРАТНИ БИРГАЛИКДА ҚУРИШГАНДИ...»

— Турмуш ўртоғим укаси билан биргаликда уй қуришди. Иморат қайнонамнинг номига расмийлаштирилган. Тақдир экан, қайним икки йил олдин вафот этди. Энди бўлса, қайнонам ўша уйни вафот этган ўғлининг фарзандига бермоқчи. Уй биргаликдаги қурилиш ҳисобланганидан кейин эримнинг ҳам улуши бўлмайдими?

Мухлиса ЭГАМБЕРДИЕВА, Самарқанд вилояти

— Фарзандларнинг ёки яқин қариндошларнинг қурилишда иштирок этиши уларга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш асосини келтириб чиқармайди. Мулкдор (ер эгаси)нинг розилиги билан келишган ҳолатда унга тегишли ер майдонида қурилиш амалга оширилган бўлса, бу биргаликдаги мулк деб топилиши мумкин. Агар қайнонангиз ва турмуш ўртоғингиз ўртасида биргаликда қурилиш қилиш ҳақида ёзма келишув мавжуд бўлса, иморатга нисбатан биргаликдаги мулк ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги даъво  талаби билан фуқаролик судига мурожаат қилсангиз бўлади.

 

«МОДДИЙ ЁРДАМ ОЛМОҚЧИМАН...»

— Турмушим бўлмай, эрим билан ажрашганман. Акам билан бир уйда яшаймиз, лекин рўзғоримиз бўлак. Икки фарзандимни таъминлашга қийналаяпман. Доимий иш жойим ҳам йўқ. Маҳаллага мурожаат қилиб, моддий ёрдам ажратишларини сўрашим мумкинми?

Маҳфуза СОТИБОЛДИЕВА, Наманган вилояти  

— Моддий ёрдам масаласида доимий рўйхатдан ўтган манзилингиз бўйича маҳалла фуқаролари йиғинига мурожаат этишга ҳақлисиз. Аризангиз маҳалла фуқаролари йиғини ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Бордию комиссия томонидан нафақа ёки моддий ёрдам кўрсатилиши рад этилса, маҳалла фуқаролари йиғини тавсиясига кўра, ҳокимият томонидан бир марталик моддий ёрдам олишингиз мумкин. Иш масаласида эса бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат этинг.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1