1

Ер силкинишидан огоҳлантирган Google прогнози қанчалик ишончли?

ДУНЁ 24.03.2023, 22:13
Ер силкинишидан огоҳлантирган Google прогнози қанчалик ишончли?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Сейсмология институти директори ўринбосари Воҳидхон Исмоилов зилзилани олдиндан аниқлаш йўналишидаги ишлар, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан маълумот берди.  

Қайд этилишичк, Google компанияси томонидан 2020 йилда ишлаб чиқилган ва Android тизимига ўрнатилган зилзила тўғрисида эрта огоҳлантириш дастури илк бор АҚШнинг Калифорния штатида синовдан ўтган. Шундан бошлаб Google компанияси зилзиладан эрта огоҳлантириш тизимини жаҳон тизимига айлантириш бўйича ишланмалар олиб борди. Android қурилмасида ишлаётган мобил телефонларнинг сейсмик тебранишлар ҳақида эрта маълумотлар олиш имкониятини яратди.  

Албатта, бу ғоя янгилик эмас. Чунки Япония ҳудуди учун зилзилаларни эрта огоҳлантириш тизими Япония метереологик агентлиги томонидан яратилган ва қўлланиб келинмоқда. Худди шундай минтақавий тизим Мексика, Хитой, Тайван, Италия, Руминия ва бошқа давлатларда ҳам қўлланилади. Лекин Google компанияси яратган мобил дастур бутун жаҳонни қамраб олиш имконини беради.  

Google тизими бу зилзилани прогноз қилиш усули эмас, балки зилзила содир бўлгандан сўнг сейсмик тўлқинларни тарқалиши билан боғлиқ жараённи узатиш тизимидир. Зилзила ўчоғидан тарқалган бўйлама тўлқин яқин атрофдаги сейсмик станцияларда қайд қилингандан сўнг, 3 сонияда зилзила тўғрисидаги маълумот, яъни ўчоқнинг чуқурлиги, зилзила кучи, орадаги масофа, Google тизими орқали дунёга тарқалади. Кўндаланг тебранишлар физик моҳияти бўйича талафотли тебранишлар бўлганлиги сабабли, унинг етиб келиш вақти қанчалик эрта аниқланса, бир мунча хавфсизликни таъминлаш мумкин.  

Хитой тадқиқотчиларининг маълумотларига кўра, эрта огоҳлантириш тизими 3 сонияда шикастланишларни 14 фоизга, 10 сонияда жароҳатланиш ва қурбонларни 39 фоизга, 20 сонияда 63 фоизга қисқартириши мумкин.  

Шундан келиб чиқиб, зилзиладан эрта огоҳлантириш тизимининг мавжудлиги сейсмик хавфсизликни таъминлашнинг самарали йўналишларидан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, Япония аҳолисининг 65 фоизи эрта огоҳлантириш тизимидан самарали фойдаланар экан.  

Эрта огоҳлантириш тизими самарадорлиги аҳолининг зилзиладан аввал ва зилзила даврида ҳаракатланиши билан узвий боғлиқ. Ҳозирги кунда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан зилзила даврида аҳолининг қандай ҳаракатланиши тўғрисида мобил илова ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган.  

Аndroid қурилмасидан фойдаланувчи Ўзбекистон аҳолиси илк бор жорий йил 21 март соат 21:47 да Афғонистон ҳудудида содир бўлган кучли зилзиланинг сейсмик тебранишлари тўғрисида эрта огоҳлантириш тизими орқали маълумотлар олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1