Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 4-шаҳар клиник шифохонаси тубдан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган узлуксиз чора-тадбирлар инсон саломатлигини асраш ва жамият тараққиётини юксалтиришнинг муҳим омили бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. 4-шаҳар клиник шифохонаси пойтахтимизнинг Яшнобод, Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Сергели туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 18 ноябрдаги Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги инвестиция дастури тўғрисидаги қарори асосида ушбу тиббиёт муассасасида босқичма-босқич қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу ишларга 27 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди.
Реконструкция ишлари натижасида клиниканинг барча бўлимлари замонавий қиёфага кирди. Биноларнинг атрофи тубдан ободонлаштирилиб, яшил ҳудудлар барпо этилди. Барча бўлимлар жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари асосида янги тиббий диагностика воситалари, жиҳозлар билан таъминланди. Замонавий УТТ, МСКТ, рентген, лапароскопик воситалар, физиотерапия муолажаларини ўтказишда қўлланиладиган тиббий асбоб-ускуналар бунга мисолдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.