1

Жалолиддин Мангубердининг энг қадимий суратлари аниқланди

МАДАНИЯТ 19.06.2023, 11:09
Жалолиддин Мангубердининг энг қадимий суратлари аниқланди

Жалолиддин Мангуберди  (1199–1231 йиллар) Хоразмнинг мўғулларга қарши курашига бошчилик қилган Хоразмшоҳлар сулоласининг сўнгги вакили саналади. У туркийларнинг Бегдили уруғига мансуб бўлиб, Ануштегин Ғаржий  авлодларидан эди. У жуда муракаб ва таҳликали бир даврда, Хоразм давлати Чингизхон (1157-1227) бошчилигидаги мўғул босқинчилари томонидан тор-мор этилаётган бир пайтда тахт тепасига келди.  

Салтанатнинг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда отасидан тахтни қабул қилиб олган Жалолиддиннинг зиммасига жуда катта масъулият юкланган эди. У она халқи душман исканжасида, Ватани ўт ичида қолган бир пайтда мардона бош кўтариб чиқди. Садоқатли, ботир, ёвқур аскарлари билан Чингизхон қўшинларига қарши то сўнгги нафасига қадар  мардонавор жанг қилди.   Айниқса Синд дарёси бўйидаги мисли кўрилмаган, қўрқинчли жасорати ҳатто ғанимларни ҳам ҳайратга солди...

     1231 йил, ёз оқшомларининг бирида Майофариқин  қалъасига яқинлашган чоғда, Султоннинг аскарларини мўғуллар таъқиб қилади. Шериклари уни ташлаб қочади. Жалолиддин курд қароқчиларининг қўлига тушади ва хиёнаткорона ўлдирилади.  

 Мангубердининг шахсий котиби Шаҳобиддин Муҳаммад Насавий саркарданинг сўнгги кунлари ҳақида шундай сатрларни битиб қолдирган:  

“...У ҳеч қачон ҳеч бир ерда икки кундан ортиқ ушланиб қолмас, ором билмас эди. У эндигина ором топганда эса жаҳон беқарор бўлди, ўз оромини йўқотди. Қоронғу жаҳонни ёритган қуёш  ғарб томон чекиниб, ер остига беркинди.... Салтанат мажлисининг шамъи эди, даврани нурлантирди, энди ёнди-ю, сўнди. Шоҳлик бўстонининг гули эди, очилди-ю, энди пажмурда бўлиб сўлди. Ислом аҳлининг уйқудаги бахти эди, уйғонди-ю, сўнг уйқуга кетди....Осмон бу мотамдан эгнига кўк ёпинди. Ер бу мусибатдан сочини юлиб, бошига тупроқ сочди... ”  

Орадан асрлар ўтиб, Жалолиддиннинг Ватани ҳақиқий мустақилликни  қўлга киритди. 2000 йилда буюк саркарданинг 800 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. 2003 йилда мамлакатимизда “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсиси этилди. 2022 йилда  Урганч шаҳрида саркарданинг от устидаги янги ҳайкали  ўрнатилди.  

Ан-Насавий «Сирот ас-Султон Жалолиддин Мангуберди» («Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти» асарида Султон Жалолиддин Мангубердининг ташқи тузилишини қўйидагича тасвирлайди:  

«У қорамағиз юзли, бўйи кичик, тили ва талаффузи туркий эди, шунингдек, форсчани ҳам билар эди... У шерлар орасида шер ва ўзининг жасур чавандозлари орасида энг жасоратлиси эди».

Бу тарихий вазият ўрта аср мусаввирларини ҳам бефарқ қолдирмаган. Бизгача Чингизхон ва Жалолиддин учрашган ана шу ҳолат акс этган иккита миниатюра етиб келган. Биринчи  миниатюра 1540 йилда  Самарқандда кўчирилгани тахмин қилинган  “Тарихи Абулхайрхоний”  асаридан ўрин олган.

Мазкур асарда Бағдод халифалигининг шарқий қисмида жойлашган мамлакатлар ва Мовароуннаҳрнинг қадим замонлардан то ХV асрнинг 60-йилларигача кечган тарихи  қисқача баён этилади.  

«Тарихи Абулхайрхоний» Шайбонийлар сулоласи вакили   Самарқандда 1540-1551 йилларда ҳукмронлик қилган Абдуллатиф Султон ҳукмронлигининг бошларида Кўчкунчихон (1510-1530)нинг собиқ котиби Масъуд ибн Усмон Куҳистоний тарафидан ёзилган. Асарда Абулхайрхон давлатига асос солган ва ХVI аср бошида Шайбонийхон билан бирга Мовароуннаҳрга кўчиб ўтган туркий  қавмлар ҳақида қимматли маълумотларни учратамиз.

Самарқандлик мусаввир ан-Насавий  маълумотларига таяниб, султоннинг ўзига хос хусусиятларини кўрсатишга интилмайди. Рассом учун асосийси унинг жасоратини тасвирлаш эди, шунинг учун у Хоразмшоҳнинг кичик, аммо жасоратга тўла сиймосини нариги қирғоқда ҳайрат билан унга қараб турган Чингизхон бошчилигидаги душманнинг бутун бир қўшинига қарама-қарши қўяди.

Ушбу қўлёзма Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида 9989  рақами остида сақланмоқда. Сурат номаълум рассом томонидан ишланган. Унда дарёнинг юқори қирғоғида ўз ғанимини 15 чоғлиқ аскарлари қуршовида ҳайрат ва ҳавас билан кузатиб турган Чингизхон тасвирланган. Бошидаги заррин дубулға ва  укпар уни бошқалардан ажратиб турибди. Чингизхон кўкиш тусдаги от устида хаёлчан ҳолатда тасвирланган. Аскарларнинг ҳар бири қилич, камон ва гурзилар билан қуролланган. Оёқлар остида ҳам дубулғалар ва қалқон парчалари ётибди. Табиат манзараларига кўра, жанг баҳор ойларида содир бўлган. Ўртада дарё ҳайқириб оқмоқда. Дарёнинг қуйи соҳилида душманга тик ва мағрур қараб турган Жалолиддинни кўриш мумкин. У отидан тушган, қиличига таяниб турибди. Негадир унинг ўқдон (садоқ)и ерда ётибди. Жалолиддиннинг бошидаги дубулғада қизил тусли туғ (байроқ) қадалган.  

Саҳифанинг тепа ва пастки қисмларида форс тилида шундай сатрларни ўқиш мумкин:  

“У ўз амри ила яқинларига айтди:   “ҳозиргача орамизда қилич (уруш)  турибди”. Кейин у ўғилларига қаради ва айтди “ҳар отадан шундай ўғил туғилса!  У (Жалолиддин)  икки дарёдан  ҳам қўрқмади, бири оташ дарёси, яъни менинг аскаридир, иккинчиси сув дарёси бўлиб, ҳеч ким...”

Гарчи матн тўлиқ бўлмаса-да, унда Жалолиддиннинг жасорати ҳақида сўз юритилади. Қизиғи, бу асар Чингизхон авлодидан бўлган шайбонийлар топшириғига асосан битилган бўлса-да, хоннинг ашаддий рақиби бўлган Жалолиддинга ҳурмат ва холислик билан ёндашилган.  

Жалолиддин сиймоси акс этган суратлардан яна бири 1596-1600 йилларда Ҳиндистонда Бобурийлар даврида яратилган, Мирхонд қаламига мансуб деб тахмин қилинган  “Чингизхоннома” асаридаги сувратдир. Унда Султон Жалолиддин Мангуберди Синд дарёсининг сувларини кечиб ўтиш учун ҳеч қўрқмасдан,  ўз оти билан дарёга ташланган пайти тасвирланган. Нариги қирғоқдаги Чингизхон аскарлари уни қувиб етиш ҳақидаги буйруқни кутаётгандек қотиб туришибди. Лекин Султон аллақачон қочишга муваффақ бўлган. Хоразмшоҳнинг узун мўйлови ва ҳарбийларга хос кийими, отининиг эгар-жабдуқлари, безаклари  мўғул аскарлариникидан унча  фарқ қилмайди. Бу эса, ўрта аср ҳинд миниатюрларига хос хусусиятлардан саналади.

Сурат ўрин олган саҳифада ҳам айни ҳолат бадиий бўёқлар билан акс эттирилган. Маълумотларга кўра, ушбу суратни ҳинд мусаввири Дхарма Дас, Чиҳра Нами ҳамда Банвари Хурдлар ишлашган. Ҳошияда форс тилида биз юқорида тилга олган воқеа тафсилотлари – Жалолиддин ўз аҳли аёлини сувга чўктириб, якка ўзи от билан Синд дарёсидан кечиб ўтиши, Чингизхон ўғилларига уни ибрат намунаси сифатида кўрсатгани баён қилинган. “У (Жалолиддин) ўз чодири ва байроғини олиб, отига қамчи урди ва чақмоқ тезлигида дарёдан ўтиб олди. Нариги соҳилга ўтиб, отининг эгаридан тушди ва шамширининг сувини қуритди. Чингизхон хайратдан бармоқларини тишлаб, ўз фарзандларига  уни кўрсатди: “Ҳар отадан шундай ўғил туғилмоғи лозим”.  

Шундан сўнг асарда икки  қатор шеър келтирилган:

Ба гети касе мард аз инсон надид,

Нав аз номдорони пешин шунид,  

(Ҳеч ким бу одамламда ундан кўра мард ва жасур инсонни кўрмади ва ўзидан аввалгилардан ҳам эшитмади)

Шундан сўнг саҳифанинг остки қисмида муаллиф Жалолиддин Мангуберди ўз аҳли аёли, фарзандлари ва оила аъзолари душман қўлига асир тушиб, хорлик ва зорликларга гирифтор бўлмасликлари учун сувга ғарқ қилгани, ўз хазинасини ҳам дарёга чўктиргани ёзилади. Матнда Чингизхон сўзи алоҳида қизил ранг билан ёзилган. Бу ҳам Шарқ китобат санъатидан алоҳида ҳурмат белгиси саналган.  

Сурат жуда аниқ ва рангли тарзда, реал жанг манзараларини  теран акс эттирган ҳолда чизилган. Чингизхон ўз фанзандларига Жалолиддинни кўрсатиб, нималарнидир уқтирмоқда. Жалолиддин худди матнда айтилганидек, чодир ва байроғини маҳкам қучганча, нариги соҳилга чиқмоқда. Дарёда балиқлар кўзга ташланади. Олислардан шаҳар манзаралари, тоғу тошлар, осмонда учаётган қушлар кўриниб турибди.  

Мазкур қўлёзма саҳифаси  айни пайтда Лондонда  Британия музейида сақланмоқда. Ҳар икки сурат ҳам Жалолиддин Мангуберди барча асрларда жасорат ва мардлик тимсоли бўлиб келганини кўрсатади.  

 

Фирдавс Абдухолиқов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1