1

Ҳидоят сари. Бешикдан то қабргача илм изланг!

ҲИДОЯТ САРИ 13.10.2016, 15:58
Ҳидоят сари. Бешикдан то қабргача илм изланг!

Ривоят қилинишича, имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) хазратлари Маккаи Мукаррамада таълим бераётган чоғда бир зиёратчи Бухорои Шарифдаги устозлардан салом ва мактуб келтиради. Бу хабарни эшитган Имом Бухорий (р.а.) Бухорои Шариф томонга юзланиб, саломига алик олганларича ҳурмат бажо келтирадилар, сўнгра мактубни икки қўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан хатни ўқиган эканлар.

Ҳақ йўлида ким санга...
Ҳа, устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга нуру зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу сабаб, ҳар бир инсон ёшидан, мавқеидан, даражасидан қатъий назар, сабоқ берган устоз-мураббийи олдида мудом таъзимда. Ҳазрат Навоий айтганларидек, Ҳақ йўлида бизга минг ранжу қийинчилик билан сабоқ берган муаллимларнинг машаққатли меҳнатлари ҳақини ҳеч бир бойлик ёки хазина  билан ўлчаб бўлмайди. 

Айтиш керакки, мамлакатимиз раҳбари фармони билан 1997 йилдан буён 1 октябрнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида кенг нишонланаётгани миллатимизнинг устоз-мураббийларга бўлган ҳурмат-эҳтиромининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

Давлатимиз раҳбари устоз мураббийларга таъриф бериб, “Агарки, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Чиндан ҳам ўқитувчи наинки, синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатдан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир”, деган эди. 

Илм аҳли иззатга лойиқ
Муқаддас динимизда илм-маърифатли кишиларнинг мақому мартабалари Аллоҳ томонидан юксакларга кўтариб қўйилиши ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси).

Қатор ҳадиси шарифларда муаллимларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларга нисбатан тавозеъли бўлишга чақирилади. Жумладан,   

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни  ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган). 

Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”. 

Бу кунларга етганлар бор...
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. 

Уламолар айтадиларки, устоз ва муаллимлар фақат жаҳолат ҳукмрон бўлган  замон ва макондагина эҳтиром қилинмаслиги мумкин. Чунки, Набий алайҳиссалом олимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан, шундай бир замонга ризқлари қўшилган бўлишидан Аллоҳга сиғинган эканлар. 

Пайғамбар алайҳиссалом паноҳ сўраган замон эса энг машъум ва малъун замон бўлиши шубҳасиздир. Саҳобалардан Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий (разияллоҳу анҳу) ривоят қилишига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Аллоҳ, алим (билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим (оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!”, дея олим ва муаллимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда ҳаёт кечиришдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти). 

Биз эса, илм аҳли, устоз ва мураббийларга  ҳамиша эҳтиром ва эъзоз кўрсатиладиган замонда яшаётганимиз учун ҳар қанча шукронлар қилсак арзийди.          

Одилхон қори Юнусхон ўғли,
Шайҳонтоҳур тумани бош имом хатиби

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1