АсосийMadaniyat

Тошкентда “Туркистон авангарди: макон ва замон оралиғида” кўргазмаси иш бошлади

'Тошкентда “Туркистон авангарди: макон ва замон оралиғида” кўргазмаси иш бошлади'ning rasmi

Ўзбекистонда маданий мерос ҳафталиги доирасида Тасвирий санъат галереясида “Туркистон авангарди: макон ва замон оралиғида” кўргазмаси иш бошлади.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон  маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовлар меҳмонлар ва иштирокчиларни қутлашди. 

Сўзга чиққанлар бугунги кунда Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даври пойдевори яратилаётгани, маданиқ мерос нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам тобора оммалашиб, эътироф этилаётганини таъкидлашди.

Кўргазма доирасида Савитский номидаги Давлат санъат музейи (Қорақалпоғистон) коллекциясидан авангард рассомларнинг асарлари Тошкентга олиб келинди.

“Кўргазмага 14 муаллифнинг 80 дан ортиқ суратларини олиб келдик. Улар орасида ушбу йўналишнинг етакчи усталари - Ўрал Тансиқбоев, Александр Волков, Зинаида Ковалевская, Николай Карахан ва бошқа кўплаб рассомларнинг ижод намуналари мавжуд. Ўйлайманки, ушбу кўргазма Ўзбекистон  маданий меросининг кенг ва ранг-баранглигини яна бир бор намоён этади”, – деди Савитский номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи директори Тигран Мартичев.

Ўзбекистон  Тасвирий санъат галереяси директори Камола Акилова тақдим этилган кўргазманинг ўзига хослиги ҳақида гапирар экан, “Маданий мерос” ҳафталиги доирасида очилган барча кўргазмалар Ўзбекистон  маданияти бойлигини намойиш этишини алоҳида таъкидлади.

“Савиский музейи, жуда ноёблиги билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг ривожланишига ушбу музейнинг биринчи директори, асосчиси Игор Савитский катта ҳисса қўшган. Нега бугун Туркистон авангарди мавзусига тўхталамиз? Чунки 1920 йилларнинг авангарди дунёни ўзгартиришга, баъзи янги талқинли мотивлар, сюжетлар ва услубларни жорий этишга қаратилган санъатдир. Албатта, бу биз учун долзарб, чунки ҳозир Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар бўлмоқда, барча соҳаларни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ва, албатта, бу маданият ва санъатда ўз ифодасини топади. Албатта, бу хорижлик меҳмонларда ҳам, жамоатчилигимизда ҳам катта қизиқиш уйғотади”, - деди Камола Акилова. - “Туркистон авангарди: макон ва замон оралиғида” кўргазмаси Темурийлар музейи ва Ўзбекистон  тарихи давлат музейида Маданий мерос ҳафталиги доирасида очилган икки кўргазмани мантиқан давом эттиради ва тўлдиради. Бу тадбирлар бутун дунёда ҳайратга соладиган Ўзбекистоннинг серқирра, ўзига хос ва бетакрор маданиятини намойиш этади”.

Туркия Фанлар академияси президенти маслаҳатчиси Жем Коркут ҳам Ўзбекистон, ҳам Туркия маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлашда халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. У давом этаётган тадбирни мамлакатлар ўртасидаги маданий алмашинув учун муҳим тадбир деб атади.

“Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги барча туркийзабон ва ислом мамлакатлари учун муҳим воқеа, чунки Ўзбекистон  мероси, унинг тарихи бизга яқин ва бутун инсоният учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонга сўнгги ташрифимдан кейин тўрт йил давомида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, жумладан, маданиятимиз, ўтмишимизга эътибор кучайганини мамнуният билан айтишим мумкин. Ишончим комилки, Ўзбекистон  бу билан тўхтаб қолмайди ва ўзининг улуғворлиги билан дунёни лол қолдиради”, — деди Жем Коркут.

    Бошқа янгиликлар