АсосийDunyo

Чивинлар келтириб чиқарадиган вирусли инфекция туфайли дунёга янги пандемия таҳдид солмоқда

'Чивинлар келтириб чиқарадиган вирусли инфекция туфайли дунёга янги пандемия таҳдид солмоқда'ning rasmi

Чивинлар келтириб чиқарадиган вирусли инфекция туфайли дунёга янги пандемия таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz хабар бермоқда.

Денге иситмаси — бу чивинлар келтириб чиқарадиган вирусли инфекция. Касаллик юқори иситма, кўнгил айниши, тошма, бош оғриғи ва бел оғриғи билан кечади. У Нил иситмаси ҳам деб аталади.

Ушбу касаллик учун махсус даволаш мавжуд эмас. Бугунги кунда даволашнинг асосий усули фақат терапия ҳисобланади. Инфекцион ҳолатларига келсак, улар асосан тропик ва субтропик иқлими бўлган ҳудудларда қайд этилган.

Бангладешда вазият жиддий

Бангладешда денге иситмаси тарқалиши давом этмоқда. Сўнгги икки сутка ичида 25 киши денге иситмасидан вафот этди. Бир қатор тиббиёт муассасаларида инфекцияни аниқлаш учун етарли тестлар мавжуд эмас.

Вируслар кенг тарқалишига глобал исиш ва ёғингарчиликлар миқдори ортиши сабаб бўлмоқда. Бундай муҳитда чивинлар янада тезроқ кўпаяди. Қолаверса, иқлим ўзгаришлари туфайли вирус ташувчи ҳашаротлар бошқа минтақаларга учиб бориши кузатиляпти.

Прогнозларга кўра, инфекциялар сони яқин 2 ой ичида энг юқори чўққига чиқади. Йил бошидан бери Бангладешда денге юқтирганларнингсалкам ярми пойтахт Даккага тўғри келади. 

Касалликнинг кўпайишига қарши курашиш учун соғлиқни сақлаш бошқармалари чивинларнинг кўпайишини назорат қилиш ва уларнинг личинкаларига қарши курашни кучайтирган.

Профессори Кабирул Башар ҳам апрель ойида муссондан олдинги ёмғирларда чивинлар кўпая бошлагани ва шаҳар бўйлаб кенг тарқалаётганини таъкидлаган. У шунингдек, август ва сентябрь ойларида вирус янада авж олишини қўшимча қилган.

Вирус кўп тарқалган иккинчи манзил — Ҳиндистон

Бангладешга қўшни мамлакат — Ҳиндистонда ҳам вазият жиддий. Пойтахт Нью-Деҳлида денге иситмаси билан касалланиш бир ҳафта ичида икки бараварга ошиб, касалланиш 105 кишида аниқланган. Мутахассислар бу каби ҳолат сўнгги 5 йил давомида кузатилмаганини айтган. Беморлар асосан юқори иситма, мушак оғриғи ва кўнгил айнишидан шикоят қилиб, шифохоналарга ётқизилмоқда. 

ЖССТ: бизда денге иситмасига қарши «сеҳрли таёқча» йўқ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти денге иситмасига қарши вакцина ҳали яратилмагани, бироқ касалликнинг олдини олиш чораси борлиги ҳақида маълум қилган.

«Денге иситмаси учун юқори технологияли ечим йўқ. Вакцина — «сеҳрли таёқча» ҳам яратилмаган. Аммо масалага ечим бор: ҳашаротлар кўпаядиган жойларни тозалаш керак. Бироқ бу инвестиция жалб этишни талаб қилади. Касаллик тарқалаётган давлатлардаги қаровсиз ҳудудларда қашшоқ аҳоли кўп. Улар ҳужжатсиз. Аниқ қилиб айтганда, қашшоқликка қарши курашиш керак», — дейди ЖССТ дастурининг ижрочи директори Майкл Райан.

Иқлим ўзгариши сабаб денге иситмаси кенг тарқалмоқда

Бугунги кунда Америкада 3 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, денге ташувчиси, яъни чивинларнинг тарқалиш майдони глобал исиш туфайли доимий равишда ўсиб бормоқда.

ЖССТ таҳлилига кўра, дунё бўйича денге безгагига чалиниш ҳолати кейинги 19 йилда ўн баробар, яъни 505 мингтадан 5,2 миллионтага кўпайган. Хусусан, ўтган йили биргина Лотин Америкасида бу вирусни юқтирган 2,8 миллион бемордан 1280 нафари ҳаётдан кўз юмгани ачинарли. Ўсиш тенденцияси 2023 йилда ҳам давом этмоқда.

2010 йилдан бери Европа минтақасида денге безгаги билан касалланиш ҳолатлари қайд қилиняпти. Осиёда ҳам шундай тенденция мавжуд.

Суданда эса ўтган йил июль ойидан бери 8239 бемор касалликка чалиниб, улардан 45 нафари вафот этди. Хавотирлиси, катта эҳтимол билан бу «пандемия таҳдиди»ни келтириб чиқаради.

Ушбу касалликдан оғир асоратлар ва ўлим ҳолатлари кам учрайди. Хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмаётганларнинг қарийб 70 фоизи қандли диабет, гипертонияга чалинган ва иммунитети заиф 60 ёшдан ошган аҳоли қатламидир.

20 фоиз ўлим ҳолатлари эса инфекцияни юқтирган чақалоқлар туғилиши чоғида содир бўляпти.

ЖССТ бундай вирусларга қарши энг тўғри чора чивинлар чақишидан ҳимояланиш, деб ҳисоблайди. Бунда танани тўлиқ беркитувчи очиқ рангли узун кийимлар, ҳашаротларга қарши тўрлар, кремлар ва ва бошқа воситалар тавсия қилинади.

Ўз навбатида, олимлар ушбу инфекцияларга қарши вакциналар ишлаб чиқариш ҳаракатида.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар