1

Ҳусайн Бойқаро суврати акс этган яна бир миниатюра аниқланди

МАДАНИЯТ 31.08.2023, 13:48
Ҳусайн Бойқаро суврати акс этган яна бир миниатюра аниқланди

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти тадқиқотчилари томонидан буюк темурий ҳукмдор ва шоир, фан ва маданият ҳомийси Султон Ҳусайн Бойқаронинг суврати акс этган яна бир миниатюра аниқланди. 

У  айни пайтда АҚШнинг  Вашингтон шаҳридаги Осиё санъати Миллий музейида № LTS1995.2.26 инвентар рақами остида сақланмоқда. Миниатюра шартли равишда “Ҳусайн Бойқаронинг тож кийиш маросими” деб номланади. Мазкур асар Мансур Мусаввир томонидан 1469 йилда чизилгани тахмин қилинмоқда. 

Хабарингиз бор, сўнгги йилларда асрий анъаналаримиз, тарихий меросимизни холисона ўрганиш ва тарғиб этишга ёндашув янги босқичга кўтарилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан маданий меросимизни ўрганиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширила бошлади. 

Бу борада нодавлат ва жамоат ташкилотлари, ижтимоий масъулиятга  эга тадбиркорлик субъектлари, ҳомий ва ҳамкорлар ҳам яқиндан ёрдам беришмоқда. Шу ўриндаЎзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолиятини ҳам тилга олиб ўтиш ўринлидир. Мазкур жамият томонидан буюк аждодларимиз, таниқли ҳукмдор ва саркардалар, олим ва мутафаккирларнинг Шарқ миниатюра санъатидаги тасвирини аниқлаш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. 

Жорий йилнинг  3-7 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган  “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” маданий тадбирлар ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналарида тарихий шахслар ва воқеалар” мавзусида кўргазма ташкил қилинди. Мазкур кўргазмада Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари 30 дан ортиқ буюк сиймолар тасвирини ўз ичига олган миниатюралар намойиш қилиинди. 

Айни пайтда Бутунжаҳон жамияти томонидан “Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналарида тарихий шахслар ва воқеалар” мавзусидаги китоб-альбом ҳам нашрга тайёрланмоқда. Унда мамлакатимиз ҳудудида ҳукмронлик қилган сулолалар, адабиёт ва санъат вакиллари, саркардалар, аллома ва мутафаккирларнинг Шарқ миниатюраларидаги образлари акс эттирилади. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чиқадиган ушбу китоб-альбомда  100 га яқин тарихий шахсларнинг 300 дан ортиқ миниатюралари тарихий маълумотлар, тавсифлар билан жойлаштирилади. 

Улар орасида Темурийлар сулоласининг етук вакили Ҳусайн Бойқаро (1438-1506)нинг миниатюралардаги тасвирлари  ҳам ўрин олган.   Султон Ҳусайн Бойқаро Амир Темурнинг эвараси бўлиб, 1438 йил июль (ҳижрий 842 йил, муҳаррам) ойида Ҳиротда дунёга келган. Темурий ҳукмдор султон Абусаид Мирзо (1424-1469)нинг Қорабоғ яқинидаги  ҳалокатидан сўнг, 1469 йил 24 март  куни Хуросон тахтига ўтирган. Ҳусайн Бойқаро мамлакатни 37 йилга яқин бошқарди. Унинг бошқаруви даврида Хуросон Шарқнинг тинч ва фаровон ўлкалардан бирига айланди. Бу улуғвор ўзгаришларда Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий сингари мутафаккирларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эди. 

Буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида султон Ҳусайн Бойқаро ҳақида қимматли фикрларни билдиради: «Султон Ҳусайн Мирзонинг замони ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳирот шахри мамлу эди. Ҳар кишинингким бир ишга машғуллуғи бор эрди, ҳиммати ва ғарази ул эрдиким, ул ишни камолға етгургай».

Унинг ҳукмдорлик даврида илм-фан, адабиёт, архитектура,  мусиқа билан бирга  тасвирий санъат ҳам тараққий этган. Мирак Наққош, Муҳаммад Дарвеш, Камолиддин Беҳзод сингари рассомлар етишиб чиқди. Шарқ адабиётининг ўнлаб нодир дурдоналар китоб қилиниб, уларга хос миниатюралар ишланди. 

Мусаввирлар ўз даврининг маданият ҳомийси сифатида Ҳусайн Бойқаро шахсига катта ҳурмат билан қараганлар ва қўлёзмаларда унинг сувратларини киритишга, портретларини яратишга  ҳаракат қилишган. Бугунги кунда Ҳусайн Бойқаронинг суврати акс этган миниатюралар дунёнинг қатор мамлакатларида сақланмоқда. 

Мазкур суврат Ҳусайн Бойқаронинг  Хуросон мулкининг қонуний ҳукмдори сифатида салтанат тахтига ўтириш жараёнини акс эттиради.Ҳукмдорга тож кийдириш ўша даврнинг барча расм-русумлари, қонун-қоидаларига асосан  амалга оширилади. Унинг номи жума намозида хутбага қўшиб ўқилади. Буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий, ўз даврининг буюк алломаси Абдурраҳмон Жомий ҳам Ҳусайн Бойқарони бу оламшумул ғалаба билан самимий муборакбод этадилар. Мазкур миниатюрада улар қаторида йигирмага яқин мулозимлар, сарой аъёнлар, шоир ва мутафаккирлар, хизматкорлар тавсирланганини кўрамиз. 

Чамаси бу миниатюрада ҳукмдор ҳали тахтга ўтиришга улгурмаган, шоҳсупада ўтириб,  ана шу жараёнга ҳозирлик кўрмоқда. Миниатюрадаги шоҳсупа тепасида «Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур Росулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расулидир) калимаси ҳамда Ҳусайн Бойқарони шарафловчи қуйидаги икки мисра форсча шеър битилган:

Эй тожу тахтро ба вужуди ту ифтихор, 

Султон Ҳусайн Шоҳи жавонбахту комкор.

(Яъни, эй ёш ва саодатли, қудратли подшоҳ Султон Ҳусайн, тожу тахт ҳам сенинг вужудинг билан фахрланади)

Миниатюранинг ўнг бурчагидаги иморат пештоқида ҳам араб тилида “Ушбу олий иморат буюк қаҳрамон ва ҳукмдор.... ҳукмдорлиги даврида....” қабилидаги чала маълумот битилган. Чамаса матннинг боши ва охири деворнинг ён томонларига битилгани учун маъно тугал англашилмаган. 

Тахтда сипо кийимда ёш ҳукмдор ўтирибди. Унинг ўнг томонида, қўлида очилган китобни тутиб турган мўйсафид ўз даврининг етук алломаси Абдурраҳмон Жомий бўлиши мумкин. Чунки, маълумотларга кўра бу пайтда 55 ёшлардаги Жомий Ҳиротда бўлган ва тахт тепасига янги ҳукмдор келишини хушнудлик билан қаршилаган. Суратда Жомий Султон Ҳусайн Бойқаро билан ёнма-ён тасвирлангани шоирнинг ҳукмдор наздидаги мавқеи қанчалик юқори бўлганидан дарак беради. 

Енг ичидаги қўлларини қовуштириб шоҳсупага бошқалардан кўра яқинроқда турган, қорамтир яктак кийиган, оқ салла ўраган 30 ёшлардаги йигит Алишер Навоийга ўхшайди. Навоий қадрдон дўсти Султон Ҳусайн Бойқаронинг ғалабасидан хабар топиб, ўша кунларда Самарқанддан Ҳиротга етиб борган, ҳукмдорга атаб, “Ҳилолия” қасидасини битган эди. Унда шундай мисралар бор: 

Шоҳ Абулғозий саодат ахтари Султон Ҳусайн

Ким, қуёшни зарра дер кўрган сипеҳри ҳашматин, 

Ҳукмдорнинг чап томонида ёш шаҳзода Бадиуззамон Мирзо ўтирибди. Шу пайтда Султон Ҳусайннинг тўнғич ўғли Бадиуззамон 11-12 ёшлар атрофида бўлган. Унинг юзлари отасига ниҳоятда ўхшаш кўринишда тасвирланган. Бадиуззамоннинг бошидаги рамзий тож унинг валиаҳд шаҳзода эканидан дарак беради. 

Икки хизматкор салтанат тимсоллари бўлган олтин тож ва соябонни қўлларида ушлаб олишган. Маросимда  Султон Ҳусайн Бойқаронинг буюк мутафаккирлар даврасида, қўлида китоб билан тургани у ҳукмдорлигининг илк кунлариданоқ илм-маърифатга катта эътибор қаратганидан далолатдир. Дарҳақиқат, султон умрининг сўнгига қадар илм-маърифат, санъат ва адабиётга ҳомийлик қилгани тарихдан яхши маълум. 

Ёзма манбаларда, Султон Абусаид Мирзо даврида Мансур Мусаввир исмли рассом яшаб, ижод этгани қайд қилинган. Янги топилган миниатюра ушбу санъаткор қаламига мансуб эканлиги билан ҳам қимматлидир.

Айни пайтга қадар дунёнинг турли музейлари ва кутубхоналарида Султон Ҳусайн Бойқаронинг турли ҳолатлари акс эттирилган ўнга яқин миниатюралар аниқланган. Мазкур янги миниатюра ҳам мумтоз адабиётимиз тадқиқотчилари, тарихчи ва санъатшунос олимларимиз томонидан чуқурроқ ўрганилса, янги-янги тафсилотлар, илмий топилмалар юзага чиқиши мумкин. 

Эслатиш жоизки, 2017 йилда Бутунжаҳон жамияти томнидан  Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган “Девоний Ҳусайний” қўлёзмасининг факсимиле нусхаси ҳамда унинг жорий алифбодаги матни чоп этилган эди. Мазкур нашрдан  Ҳусайн Бойқаронинг аввал эълон қилинмаган  ўндан ортиқ байтлари ўрин олган. 

Фирдавс Абдухолиқов, 

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1