1

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланди

ЖАМИЯТ 26.10.2016, 09:55
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланди

25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистондаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик нафақат дунёдаги бошқа халқларнинг ҳавасини келтирмоқда, балки бу халқаро экспертлар эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда. World Justice Project томонидан ҳар йили эълон қилинаётган Қонун устуворлиги индексида Ўзбекистон мамлакатда тартиб ва хавфсизликнинг таъминлангани кўрсаткичи бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилиб келаётгани бунинг исботидир. 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда бу алоҳида қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев ва бошқалар халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2001 йилда қабул қилинган соҳани такомиллаштиришга оид фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди. Шу асосда жиноят-қидирув ва терроризмга қарши курашиш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, қўриқлаш хизматлари замон талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 сентябрь куни имзолаган Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

Ички ишлар идораларининг моддий-техник базаси тубдан мустаҳкамланди. Соҳа ходимлари жаҳон андозаларига мос алоқа, техника ва замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди. Тизимни нафақат жисмонан, балки маънан етук кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти, Ёнғин хавсизлиги олий техника мактабига ҳар томонлама етук ёшлар ўқишга қабул қилинмоқда ва улар замонавий таълим стандартлари асосида тарбияланмоқда. 

Ички ишлар идоралари ходимларининг аҳоли ҳамда ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари бир бинода, ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бораётгани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижобий самара бермоқда. Мавжуд 3 минг 788 милиция таянч пунктининг деярли барчасида фан ва спорт тўгараклари, кичик бизнес шохобчалари, замонавий спорт майдончалари фаолият кўрсатмоқда. Бу маҳаллалар муҳитининг тобора соғломлашишига ижобий таъсир кўрсатаётир. 

Ички ишлар идоралари шахсий таркибининг нафақат касб маҳорати, балки маънавий-маърифий, сиёсий-ижтимоий ва ҳуқуқий билимини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг хизматини рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар соҳадаги ютуқларни кўпайтирмоқда. Эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган кўплаб ички ишлар идоралари ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 24 октябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармон бунинг яққол тасдиғидир. 

Тадбирда мукофотлар тантанали равишда топширилди.

– Бугунги байрам, ҳамкасбларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани давлатимизнинг соҳамизга бўлган юксак эътибор ва ишончи ифодасидир, – дейди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бўлим бошлиғи, II даражали "Шон-шараф" ордени соҳиби Лочинбек Яхшиликов. – Ана шу ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз осойишталиги йўлида меҳнат қилиш ички ишлар ходимларининг муқаддас бурчидир. Ички ишлар органларига оид янги қонун асосида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид фаолиятимиз янада кучайтирилмоқда. Биз бу йўлда доим фидойилик билан хизмат қиламиз. 

Соҳа вакиллари, фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирга санъаткорларнинг концерт дастури байрамона руҳ бағишлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1