1

Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар

ЖАМИЯТ 27.10.2016, 10:26
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар

2016 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида Қирғизистон томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашиб, ўзаро муносабатларнинг бир қатор асосий йўналишларида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида қайд этдилар. 

Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Фарғона водийсининг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилиги иштирокида Андижон ва Ўш шаҳарларида ўтган Ўзбекистон ҳамда Қирғизистоннинг нуфузли делегациялари учрашувлари кўп асрлик анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. 

Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдор эканини таъкидладилар. 

Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бундан буён ҳам турли даражадаги ўзаро алоқаларни давом эттириш ва рағбатлантиришга келишиб олдилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1