Непал ғарбида 4 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 128 киши ҳалок бўлди. Расмийлар кўплаб тоғли ҳудудлар билан алоқа узилиб қолгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкин.
Полиция вакилининг AFP'га айтишича, яна камида 100 киши жароҳатланган.
Зилзила Ҳиндистон ва Непал чегарасида юз берган. Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Непалнинг 9 мингга яқин аҳолиси бўлган Жумла шаҳридан 36 км жануби-шарқда ва Ҳиндистоннинг 182 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Баҳраич шаҳридан 166 км шимоли-шарқда жойлашган. Эпидемия 35 км чуқурликда жойлашган.
Непалнинг Миллий зилзила мониторинги ва тадқиқот маркази 6,4 магнитудали зилзила қайд этган.
АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл, Ҳиндистон сейсмологик маркази 6,4 балл, Потсдамдаги Германия Геофизика тадқиқот маркази эса 6,2 балл деб баҳолаган.
ОАВ маълумотларига кўра, Непалдаги зилзила ҳатто Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳлида ҳам сезилган.
Непал Бош вазири Пушпа Камал Даҳал зилзила оқибатида етказилган инсоний ва моддий зарардан чуқур қайғу билдирган. Ҳукумат қидирув ва қутқарув ишларига ёрдам бериш учун хавфсизлик кучларини юборган.
Маълумот учун, Непалда 2015 йилда 7,8 магнитудали зилзила оқибатида 9 мингга яқин одам ҳалок бўлган, миллионга яқин бино вайрон бўлганди.






