АсосийЖАМИЯТ

Туркий давлатлар фуқаролари хорижий паспортсиз саёҳат қилиши мумкин бўлади

Мазкур амалиёт Европа Иттифоқи мамлакатлари аэропортларида қўлланиладиган тизимга ўхшаш бўлади.

'Туркий давлатлар фуқаролари хорижий паспортсиз саёҳат қилиши мумкин бўлади'ning rasmi

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар фуқаролари ўртасида саёҳатларни енгиллаштириш мақсадида аэропортларда алоҳида паспорт назорати пунктларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг ID-карталар орқали саёҳат қилиши амалиётини бошқа аъзо давлатларга ҳам жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари аэропортларда паспорт назоратидан ўтишнинг янги тизимини жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда “Turizm Güncel” хабар берди.

Янги тизим жорий этилган аэропортларда Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари фуқаролари учун алоҳида паспорт назорати пунктлари ташкил этилади. Бу орқали уларнинг назорат пунктларидан тезроқ ўтиши таъминланиши кутилмоқда.

Мазкур амалиёт Европа Иттифоқи мамлакатлари аэропортларида қўлланиладиган тизимга ўхшаш бўлади.

Янги тизим бўйича дастлабки ишлар 12 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти Ички ишлар вазирларининг учинчи йиғилишидан сўнг маълум қилинган.

Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи аъзо давлатлар ўртасидаги сафарларни енгиллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган. Унинг таъкидлашича, аэропортларда алоҳида паспорт назорати пунктларини ташкил этиш масаласи кун тартибида турибди.

Ҳозирча ушбу тизим биринчи бўлиб қайси мамлакатда жорий этилиши, барча аъзо давлатларда бир вақтда ёки босқичма-босқич амалга оширилиши, шунингдек, унинг қачон кучга кириши аниқ эмас.

Бундан ташқари, Туркия ва Озарбайжон ўртасида 2021 йилдан буён амал қилиб келаётган ID-карта орқали саёҳат қилиш амалиётини бошқа аъзо давлатларга ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бунда мамлакатларнинг янги авлод ID-карталарини халқаро сафар ҳужжати сифатида тан олиши ва чегара назорати тизимларини шунга мослаштириши кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар

    Туркий давлатлар фуқаролари хорижий паспортсиз саёҳат қилиши мумкин бўлади - Darakchi.uz