Тошкентда YPX инспекторини BMW’да уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган вояга етмаган Д.Т.га 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча изоҳ берди.
Судлар маълум қилишича, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишлари ва уларга жазо тайинлаш қонунчиликда алоҳида тартибга солинган. Жумладан, бундай ишлар ёпиқ суд мажлисларида кўрилади, озодликдан маҳрум қилиш жазоси эса Жиноят кодексининг 85-моддаси асосида тайинланади.
Расмий изоҳда вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг ёши, руҳий ва ижтимоий ҳолати, шунингдек, қайта тарбиялаш ва янги жиноятларнинг олдини олиш мақсади инобатга олиниши таъкидланган.
Д.Т. жиноят содир этган вақтда 16 ёшга тўлмаган ва мактаб ўқувчиси бўлган. Суд жазо тайинлашда мазкур ҳолатларни ҳам ҳисобга олган.
Қайд этилишича, суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган. Томонлар ундан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Шикоят келиб тушган тақдирда, иш юқори суд инстанциясида кўриб чиқилади.






