2026/2027 ўқув йилидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратура тизими жорий этилади. Бу Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги 500-сон қарори билан белгиланди.
Қарорга кўра, магистратурада кадрлар икки йўналишда тайёрланади. Ишлаб чиқариш ва амалий дастурга йўналтирилган магистратурада ўқиш муддати камида бир йил, илмий-педагогик дастур бўйича эса камида икки йил бўлади.
Магистратурада таълим кундузги, кечки ёки масофавий шаклларда ташкил этилади. Амалий йўналишда таҳсил олган битирувчилар мутахассислигига қараб лойиҳа иши, конструкторлик ёки стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ва бошқа ишларни тайёрлаб, ҳимоя қилади.
Илмий-педагогик йўналиш битирувчилари эса магистрлик диссертациясини тайёрлайди. Диссертация дастлабки ҳимоядан олдин плагиатга текширилади ва “яширин эксперт тақризи”дан ўтказилади.
Шунингдек, Scopus ва Web of Science базаларидаги журналларда илмий мақола эълон қилган магистратура талабалари белгиланган тартибда рағбатлантирилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги магистратурада ўқиш муддатларини мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланди.
Янги тартиб Одил судлов академияси, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети ҳамда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.






