АсосийДУНË

Москвага бориш таклифи: Трамп ва Зеленский учрашуви тафсилотлари

Бироқ Украина расмийлари бу маълумотни инкор қилмоқда — уларнинг айтишича, учрашувда Москвага ташриф эмас, Россия ва Украина раҳбарларининг эҳтимолий уч томонлама музокаралари муҳокама қилинган.

'Москвага бориш таклифи: Трамп ва Зеленский учрашуви тафсилотлари'ning rasmi

АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийга Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага боришни таклиф қилган. Бу ҳақда "Bloomberg" хабардор манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Трамп бу ташаббусни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Зеленский билан учрашув чоғида билдирган. Зеленский таклифни рад этган. Унга яқин манбаларнинг таъкидлашича, бу ташаббус Украина президентини хафа қилган.

Бироқ "Financial Times" учрашувда иштирок этган Украина расмийларига таяниб, Трамп томонидан бундай таклиф билдирилмаганини ёзди. Уларнинг сўзларига кўра, томонлар эҳтимолий бўлажак уч томонлама музокараларни муҳокама қилган, аммо Зеленскийнинг Москвага ташрифи ҳақида гап бўлмаган.

Киев аввал ҳам Путин ва Зеленскийнинг бетараф ҳудудда шахсий учрашувини ўтказишни таклиф қилган. Москва эса бу вариантни рад этиб, музокараларни Россия пойтахтида ўтказишни талаб қилган. Украина томони бунга жавобан Путинни Киевга келишга чақирган.

Сентябрь ойи ўртасида Зеленский декабрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган "Катта йигирматалик" (G20) саммити доирасида Путин билан учрашишга тайёрлигини билдирган эди. Кремль эса бу ташаббусни рад этиб, Зеленскийни Москвага келишга таклиф қилган.

23 сентябрь куни АҚШ Путинни декабрь ойидаги G20 саммитига таклиф қилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия томони бу масалани дипломатик каналлар орқали муҳокама қилишини билдирди.

Песков Путин ва Зеленскийнинг эҳтимолий учрашуви бўйича Кремль позициясини ҳам яна бир бор такрорлади. Унинг айтишича, "Путин агар хоҳласа, Зеленский Москвага келиши мумкинлигини айтган".

    Бошқа янгиликлар

    Москвага бориш таклифи: Трамп ва Зеленский учрашуви тафсилотлари - Darakchi.uz