Жорий йилнинг 30 ноябр куни тонгида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри Ади Шарипов кўчасида жойлашган Алматй Ҳостелда ёнғин юз бергани ҳақида хабар берган эдик.
Дастлабки маълумотларга кўра, асосан талабалардан иборат 72 киши яшаган 457 кв.м. майдонга эга хостел ер тўласи коридоридан бошланган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлганларнинг 2 нафари, яъни 2000 йилда туғилган Н.А. ва 2000 йилда туғилган С.К. Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
”Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган ҳамда вафот этган юртдошларимизнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда”, дейилади расмий хабарда.