Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Боғот, Қўшкўпир ва Шовот тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда ушбу туманлардаги 4 та МЧЖ ва 1 та оилавий корхонага қарашли савдо шохобчаларида 47 хил турдаги жами 2 910 дона акциз маркасиз алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, Департаментнинг Қўқон шаҳар, Бешариқ, Бағдод тумани бўлимлари томонидан Солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда 3 та МЧЖга қарашли савдо дўконларида тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳар хил турдаги жами 1 572 дона акциз маркасиз алкоголь ҳамда 278 қути тамаки маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Термиз шаҳар, Музработ, Бандихон, Қумқўрғон тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 4 та хусусий корхонага қарашли савдо дўконларида жами 976 дона қалбаки акциз маркасиз алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланиб, ушбу алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
05.12.2023 18:46
10 та туманда қалбаки акциз маркали алкоголь ва тамакилар савдосига чек қўйилди
