Илм-фан соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида, 2023 йилнинг декабрь ҳолатига кўра Фанлар академияси тизимида 35 та илмий ташкилот, жумладан 4 та марказ, 3 та музей ва бошқа ёрдамчи-хўжалик ташкилотлар фаолият олиб бормоқда.
Уларда жами 5760 нафар ходим, жумладан 3034 нафар илмий ходим, 62 нафар академик, 516 нафар фан доктори, 907 нафар фан номзоди (фалсафа доктори) фаолият олиб бормоқда. Куни кеча яна 16 нафар олимларимиз Президент фармони билан академиклик унвонига эга бўлди.
– Фанлар академияси тасарруфидаги 31 та илмий ташкилот докторантураларида жами 686 нафар таянч докторант, 88 нафар докторант, 146 нафар стажёр-тадқиқотчи ва 120 нафар мустақил-изланувчи таҳсил олмоқда, – деди АОКАда ўтказилган брифингда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафова. – Олимларнинг, айниқса, ёшларнинг чет элларда стажировка ўташи ва илмий ҳамкорлик қилишлари учун бюджет маблағлари ҳисобидан сафарларга юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Бугунги кунгача 100 дан ортиқ ходимлар хориж мамлакатларига илмий сафарларга бориб келди. Сўнгги йилларда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган шарт-шароитлар асосида академиянинг 100 дан ортиқ ходими уй-жой билан таъминланди.
Фанлар академияси “Ёшлар бандлиги дастури” доирасидаги амалий ишлари билан мамлакат ёшларини нафақат иш билан таъминлаш, балки илм-фанга ҳам жалб этмоқда. Бу эса бугун бутун дунёдаги энг катта муаммолардан бири илм-фанга ёшларни жалб қилишдек масалага ечим бўлмоқда.






