Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 10 ноябрь куни Доналд Трампни сайловдаги ишончли ғалабаси ва Америка Қўшма Штатлари Президентлигига сайланганлиги муносабати билан табриклади.
Ўзбекистон раҳбари АҚШ билан стратегик шерикчилик муносабатларининг барқарор ривожланаётганлигини таъкидлади.
Жорий йилда Америка Қўшма Штатлари томонидан Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эътироф этилганига 25 йил бўлади. Ўтган давр мобайнида қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг мустаҳкам пойдевори қурилди.
Шавкат Мирзиёев Доналд Трампга соғлик-саломатлик ва масъулиятли давлат мансабида улкан муваффақиятлар, бутун АҚШ халқига эса тинчлик, осойишталик ва тараққиёт тилади.