Андижоннинг энг бой одамларидан бири, таниқли тадбиркор, “Rash milk”, “Recosement” корхоналари эгаси Раҳмиддин Мирзаев ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эдик.
You tube платформасида Dalil.uz номи билан фаолият олиб борган блогер видеоларидан бирида Мирзаенинг бизнес ҳамкорлари Шукуровлар унинг оиласига босим ўтказаётгани ва улар Мирзаевнинг ўғли Ҳ. Д. ни 4 йилга қамаб уларнинг мол-мулкларини толон-торож қилгани, шунингдек, Шукуровлар томонидан Ҳ. Д. га Steak house номли ресторанда босим ўтказилгани ёритилган. Видеода айтилишича, ресторанда икки ўртадаги низо оқибатида тадбиркорнинг отаси Д.М А.Ш. томонидан етказилган жароҳатидан ўлганлиги ҳақидаги фикрлар акс эттирилган.
Бундан ташқари, видеоларда Рахмиддин Мирзаевнинг Тошкент шахрида А.Ш. билан учрашганидан 3 кун ўтиб вафот этгани ва Шукуровлар унинг ўғли Ҳ.Д.ни 4 йилга қаматишгани таъкидланган.
Ҳолат юзасидан ушбу блог юритувчиси 26 ёшли Назаров Машҳурбекка нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат), 130-1-моддаси (Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш), 141-1-модда (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 141-2-модда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, 244-6-моддаси ёлғон ахборот тарқатиш каби моддалар билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда "Ovoza" информацион дастурида маълум қилинди.
Ушбу жиноят иши устида кеча, 16 январ куни ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида судья Бердиев Бахром Бахтиёрович раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Назаров Машҳурбек Жиноят кодексининг 139-моддаси билан айбли деб топилиб, 57-моддаси билан унга нисбатан БҲМнинг 50 баравари миқдорида (16 миллион 500 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
Назаров Машҳурбек қолган барча моддалар бўйича оқланган. Шунингдек, у ЖКнинг 47-моддаси тартибида бир йил муддатга блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.






