Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими ва 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлган ҳиндистонлик тадбиркор Сачин Жайинга ҳам жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда darakchi.uz'га ўз манбаси маълум қилди.
Судда сўз олган адвокатлардан бири Улуғбек Латипов судга илтимоснома киритар экан, “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори намуналари бўйича қўшимча суд-кимёвий экспертиза ўтказиш кераклигини айтди.
Биз ушбу илтимоснома орқали биринчи инстанция суди томонидан эътибордан четда қолдирилган бир ҳолатга диққатингизни қаратмоқчимиз. Хусусан, “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дорилари таркибида этиленгликол ва диэтиленгликол зарарли моддалари мавжудлиги даставвал “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК лабораторияси томонидан 2022 йил декабрь ойи охирида синовлар ўтказиш йўли билан аниқланган ва синов натижалари бўйича хулосалар тузилган. Кейинчалик ушбу хулосалар жиноят иши ҳужжатларига далил сифатида қўшилган. Бироқ бу хулосаларда лаборатория синовлари айнан қандай усулларда ўтказилгани ҳақида маълумотлар кўрсатилмаган. Устига-устак, жиноят иши бўйича суд тергови давомида аниқландики, бу лаборатория синовлари мутахасисларнинг фавқулодда вазият (кўп сонли болалар ўлими кечаётган пайтда) туфайли ностандарт, Фармокопея соҳасида ҳали расмий тасдиқдан ўтмаган синов усулларини қўллаш орқали ўтказилган, — дейди адвокат.
Сардор Кариев ҳуқуқини ҳимоя қилаётган ҳимоячига кўра, ушбу мудҳиш воқеаларга қадар фармацевтика соҳасида дорилар таркибини текшириш тартиб-усулларини белгиловчи асосий ҳужжат — Фармокопеяда дори сифатида ичиладиган сироплар таркибидаги ёт аралашмалар бор-йўқлигини текшириш бўйича қоида ёки усул жорий қилинмаган. Бу амалиёт нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳон бўйича ҳам шу тарзда кечган.
Фақат 2022 йилда Ўзбекистон ва дунёнинг бир нечта давлатларида сиропларни истеъмол қилган ёш болалар ўлими қайд қилинганидан сўнггина, ЖССТ томонидан бундай қоидалар 2023 йилнинг 31 октябрига келиб яратилди. Фармокопеяга, шу жумладан, Ўзбекистон давлат фармокопеясига “Ичиш учун қўлланадиган суюқ дори воситалари таркибида диэтиленгликол ва этиленгликол синовлари”, деб номланган қоидалар киритилди. Мазкур Фармакопея мақолаларида этиленгликол ва диэтиленгликолни аниқлашда юқори аниқлик берувчи ҳамда кенг қўлланадиган усул сифатида “Газ хромотография” усули тавсия этилган.
Марказнинг лаборатория синовлари “Газ хромотография” усули билан қилинмаган. Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази синовлари ҳам “Газ хромотография” усули билан ўтказилмаган. Шунингдек, Х.Сулаймонова номидаги экспертиза маркази экспертлари берган хулосаларда дори воситалари таркибида этиленгликол ва диэтиленгликол моддалари мавжудлиги кўрсатилган бўлса-да, бу моддаларнинг миқдор кўрсаткичлари аниқлаштирилмаган. Бундан ташқари, бу дорилар таркибида бўлиши лозим бўлган барча моддалардан айримлари мавжуд деб кўрсатилиб, қолганларининг эса бор-йўқлиги ҳақида умуман маълумот берилмаган. Бу ҳолатлар, жиноят ишидаги марказ лабораториясининг хулосаларини, ундан ташқари, суд-кимёвий экспертизалар хулосаларини етарли даражада холис ва сифатли далил эмаслигини кўрсатади.
Ҳимоячиларнинг ушбу экспертиза хулосаларини номақбул далил деб топиш ҳақидаги илтимосномалари биринчи инстанция суди томонидан эътиборга олинмади ва суд ҳукмида ушбу хулосалар ҳам айблов асосига олинди. Шунингдек, суд “Курамакс медикал” МЧЖнинг ва божхона органларининг омборларида ҳамда дорихоналардан йиғиб олиниб, “Дори-дармон” АК омборларида сақланаётган барча “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Ваҳоланки, бу мудҳиш воқеликнинг ҳақиқий айбдорини Ҳиндистонда жойлашган Marion Biotech Pvt. Ltd корхонасидан қидирилиши лозимлиги ҳақидаги фикрни ва бу жараённи келгусида халқаро ҳуқуқий амалиёт доирасида амалга оширилиши эҳтимолини инобатга олиш керак. Халқаро ҳуқуқий майдонда бизнинг жиноят ишидаги “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дорилари билан ўтказилган лаборатория синовлари ҳамда суд-кимёвий экспертизалари хулосалари Ҳиндистон тарафдаги жавобгарларга қарши қўйиш учун етарлича далилий салоҳиятни бермаслиги мумкин. Шунинг учун ашёвий далил сифатида омборларда сақланаётган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларининг ҳар бир сериясидан олинган намуналари билан ҳозирда ЖССТ томонидан расман эълон қилинган текшириш усулини қўллаб, айнан ЖССТ лабораторияларида текшириш ўтказиш ва натижаларини ҳужжатлаштириб олиш муҳим, — деди адвокат.
Адвокат Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd корхонаси ва унинг раҳбари Ж.Сачинга нисбатан жиноий тақиб ўзининг мантиқий якунига етмагунига қадар, омборларда сақланаётган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларидан улар билан фармацевтик синовлари ёки суд-кимёвий экспертизалар ўтказиш учун етарли миқдорда намуналар сақлаб турилиши мақсадга мувофиқ, демоқда.
Бу вазифаларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклаган ҳолда амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблаймиз, — дейди ҳимоячи.
Jurabek Laboratories "Док-1 Макс"данжабрланганларга 75,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарарни қоплаб бериш таклифи билан чиққани ва у бунинг эвазига Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариевни озодликка чиқаришни сўрагани ҳақида хабар берилганди.