Jurabek Laboratories фармацевтика компанияси "Док-1 Макс" дорисини қабул қилиш оқибатида вафот этган болаларнинг оилаларига 75,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарарни қоплаб бериш таклифи билан чиқди.
Маълум бўлишича, корхонанинг айни кундаги директори,Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева шундай илтимос билан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ва апелляция инстанциясига мурожаат қилган.
"Мен зарарли дорилар таъсиридан болалари вафот этиб, жабрланган ота-оналарнинг оғриқли яраларига бироз бўлсада малҳам бўлиши учун ҳамда ўғлим Сардор Кариевнинг қисматини енгиллатишга эришиш учун ҳозирда ўзим раҳбарлик қилаётган Jurabek Laboratories МЧЖнинг иқтисодий салоҳиятини айнан суд ҳукмида жабрланган ота-оналарга ундириб берилиши белгиланган маънавий зарарларни тўлаб беришга йўналтирмоқчиман", — дейилади Мунира Кариеванинг судга берган аризасида.
Мунира Кариева катта миқдордаги маблағни Jurabek Laboratories МЧЖнинг ҳисоби ва мулкидан бирданига ажратиб бериб бериш имкони йўқлиги таъкидлаган.
"Ҳозирги кунда Jurabek Laboratories МЧЖда 2000 нафардан ортиқ одам ишлаши, ҳар бирининг оиласининг ризқи ҳам шу корхона фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, шунингдек, илгари четдан қиммат нархларда импорт қилинадиган кўпгина дори воситаларини маҳаллийлаштириб, ўзимизда ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ жараёнда ҳам Jurabek Laboratories МЧЖ етакчилик қилаётгани боис суд ҳукмида кўрсатилган маънавий зарар учун тўланиши керак бўладиган маблағларни корхонанинг асосий фаолиятига таъсир қиладиган усулда бирданига ажратиб олишга менинг маънавий ҳуқуқим ҳам йўқ", — дейилади ва пул тўлиқ тўланиши учун 3 йиллик муддат сўради.
"Мен Jurabek Laboratories МЧЖнинг фаолиятидан даромад олиш ҳуқуқига эга таъсисчи сифатида бу маблағларни фақатгина корхона фаолияти натижаларидан қонунан олишим мумкин бўлган дивиденд маблағлари ҳисобига шакллантиришим мумкин. Бу жараён эса бир неча йил муддатни талаб қилади. Шунинг учун мен корхона фаолиятидан тушадиган даромадларни тўғри тақсимлаган ҳолда 3 йил муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда суд ҳукмида белгиланган маънавий зарар тўловларини тўлиқ тўлаб беришни амалга ошириш мақсадидаман. Эвазига эса ўғлим Сардор Кариевга нисбатан қонуннинг инсонпарварлик принципини қўллаб, унга нисбатан тайинланган 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини бекор қилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси асосида енгиллик берилиши ва уни озодликка чиқарилишидан умидворман. Сиздан ушбу мақсадга эришишимга ёрдам беришингизни илтимос қиламан", — дейди Мунира Кариева.
Адвокат "Док-1 Макс"дан жабрланганларга товон пули тезроқ ундириб берилишини сўрамоқда
"Док-1 Макс" иши бўйича дастлабки инстанция қароридан норози бўлганлар апеллация шикояти бўйича суд бўлиб ўтмоқда. 2024 йил 6 май куни давом этган навбатдаги мажлисида сўз олган адвокатлардан бири жабрланувчиларга ваъда қилинган товон пули тезроқ ундириб берилиши кераклигини айтди.
"Биринчи инстанция белгилаб берганидек, кам сонли судланувчилардан 7 миллион доллар миқдордаги товон пулини тез фурсатда ундириш қийин. Жабрланувчиларга, айниқса, боласи ногирон бўлиб қолган ота-оналарга айни пайтда пул керак. Фарзандларининг соғлиғини тиклаш учун ҳозир даволатиши лозим. Шу сабаб апеллация инстанцияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигигами ёки Вазирлар Маҳкамасигами мурожаат йўллаб, Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd. корхонасини ишга жалб қилиб, улардан товон пулини ундириши керак", — дейди сироп иши бўйича 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Сардор Кариевнинг адвокатларидан бири Темур Раҳматов.
Адвокат шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова "Док-1 Макс" билан боғлиқ можаролар бошланган пайтда болаларнинг доридан заҳарлангани рост бўлса, харажатлар вазирлик томонидан тўланишини ваъда берганини эслаб, "унда марҳамат қилиб, вазирлик ёки унинг таркибидаги агентлик товон пулларини тўлаб бериб, кейинчалик судланувчилардан ундириб олсин", — деди у.
Темур Раҳматовнинг билдиришича, токи апеллация инстанцияси якунланмас экан, жабрланувчиларга товон пулини ундириш бўйича чиқарилган қарор ижро қилинмайди.
"Дейлик, бирор бир корхонага тегишли автотранспортда ЙТҲ содир бўлса, товон пули дастлаб ўша корхонада ундирилиб, кейинчалик корхона раҳбарияти ишчиларидан ундириши кераклиги белгиланган. Мазкур вазиятда ҳам жабрланувчилар фарзандларини даволатиши кераклигини инобатга олиб, уларга айни кунларда товон пулини тўлаб бериш имкониятини ишга солиш керак", — дейди адвокат.
"Док-1 Макс" ишини кўриб чиққан дастлабки инстанция қарорига кўра, сиропдан заҳарланиб вафот этган 68 нафар боланинг қонуний вакилларига 6 нафар судланувчи ҳисобидан солидар тартибда 1 миллиард сўмдан товон пули ундирилишини белгиланган. Оғир тан жароҳати олиб ногирон бўлиб қолган 16 нафар ва енгил тан жароҳати олган жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига эса 500 миллион ва 200 миллион сўм миқдорида товон пули ундириладиган бўлганди.
26 февраль куни суд "Док-1 Макс" сиропи иши бўйича Сардор Кариевни 18 йилга, унинг ўринбосарларини 16 йилга, Ҳиндистон фуқароси бўлган Quramax компаниясининг собиқ директорини 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Тошкент шаҳар суди судланувчилардан "Док-1 Макс" ва "Амбронол" препаратларидан заҳарланган 68 нафар ҳалок бўлган ва 16 нафар жароҳатланган боланинг оилаларига 75,6 миллиард сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди. Бундан ташқари, суд Quramax мансабдор шахсларга берган пора миқдорини давлат фойдасига ундиришга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2023 йил август ойидан Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компаниясининг дори-дармонларини, жумладан "Док-1 Макс" йўталга қарши сиропини Ўзбекистонда қабул қилиш оқибатида камида 68 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошланганди. Судда 23 киши (18 эркак ва 5 аёл) иштирок этди.