АсосийDunyo

“Эрон эл-юрт хизматида бўлган машҳур, серғайрат ва фидойи инсонларини йўқотди"

'“Эрон эл-юрт хизматида бўлган машҳур, серғайрат ва фидойи инсонларини йўқотди"'ning rasmi

Эрон элчихонаси Ўзбекистон ҳукумати ва халқига миннатдорлик билдирди.

Аввал хабар қилинганидек, Эрон Ислом Республикасининг Президенти Иброҳим Раисий  19 май куни Озарбайжон Республикаси билан биргаликда амалга оширилган қўшма лойиҳанинг очилиш маросимидан қайтаётган вақтда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва уларга ҳамроҳлик қилувчи  бошқа расмий шахслар билан бирга авиаҳалокатга учраган эди.  

Мазкур фожиа муносабати билан мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилинди.  

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Иброҳим Раисийнинг вафоти муносабати билан Эрон халқи ва раҳбариятига   ҳамдардлик мактуби йўллади, Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, таъзия билдирди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Эроннинг марҳум Президенти дафн маросимида иштирок этишди.  

Шу муносабат билан Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Ўзбекистон  халқи  ва ҳукуматига расмий миннатдорлик билдирди.

“Эрон эл-юрт хизматида бўлган машҳур, серғайрат ва фидойи инсонларини йўқотди. Бироқ бу халқ Аллоҳ таолонинг мадади ҳамда Ислом Республикаси тузумининг мустаҳкам асосларига таянган ҳолда, бу оғир кунларни ҳам енгиб ўтади, - дейилади мазкур номада. - Марҳум Президентимиз буюк Эрон халқини улкан ютуқларга эриштирди, мусулмон ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлида самарали саъй-ҳаракатларни амалга оширди.

Эрон ва Ўзбекистон раҳбарларининг сўнгги қисқа вақт ичида тўрт маротаба учрашганлари икки ўртадаги дўстлик ва биродарликнинг яққол намунаси бўлди. Бу эса ўз навбатида икки раҳбар – Эрон Ислом Республикасининг марҳум Президенти Иброҳим Раисий жаноби олийлари ва Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг муваффақиятли давлат бошқаруви, донишмандлиги, самимийлиги ва ўзаро биродар бўлганлиги ҳамда уларнинг ўзаро манфаатларни рўёбга чиқариш йўлида саъй-ҳаракатларни амалга оширганликларини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари, мамлакат раҳбариятининг бошқа вакиллари, вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон жамоатчилиги ва халқининг турли доиралари вакилларининг Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига шахсан келиб, ҳамдардлик дафтарига ёзув қолдирганлари ва ҳамдардлик билдирганлари ўша улуғвор шаҳидлар руҳларининг шод бўлишига ҳамда бошига мана шундай оғир кунлар тушиб, қайғуга ботган Эрон халқининг тасалли топишига сабаб бўлди”.

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси мазкур номада  Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг Эрон ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдиргани учун ўзининг чексиз миннатдорчилигини билдириб, Ўзбекистон Республикаси билан барча соҳалардаги, хусусан савдо-иқтисодий соҳадаги ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш ишига кўмаклашишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгилаб, икки давлатнинг муҳтарам президентлари томонидан белгилаб берилган йўналишдаги ҳаракатларини давом эттиришига ишонч билдирган.

    Бошқа янгиликлар