“Ўзэкспомарказ” мажмуи ҳамда “Expo Pozition” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган кўргазмада маҳаллий корхоналар қаторида Германия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Россия каби давлатларнинг 45 дан зиёд компанияси вакиллари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
"Болалик дунёси" кўргазмасида кичкинтойлар учун турли ўйинчоқлар, гигиеник ва косметик воситалар, витамин ҳамда дори-дармонлар, озиқ-овқатлар, кийимлар, аксессуарлар, шунингдек, болалар байрамлари учун ишлаб чиқилган махсус буюмлар намойиш этилди.
Кўргазмада болалар ўйинчоқлари дўконлари, ишлаб чиқариш корхоналари, болалар учун мўлжалланган журнал ва газеталар ҳам тақдимотлар ўтказди.
Кўргазма иштирокчилари кўлами ушбу тадбирнинг нақадар муҳим эканидан далолат берди. Юзлаб иштирокчилар болаларнинг бежирим либослари, мактаб анжомлари ва бошқа маҳсулотлари савдосида иштирок этди, етакчи мутахассислардан маслаҳат олиш имконига эга бўлди. Болажонлар эса улар учун ташкил этилган маҳорат сабоқлари ва қизиқарли кўнгилочар дастурларда қатнашди.
Халқаро кўргазма доирасида болалар учун турли анжуманлар, модалар намойиши уюштирилиб, китоблар, таълим муассасалари, даврий нашрлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
«Болалик дунёси – 2016» болалар ва ўсмирлар учун товар ва хизматлар халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмирларни соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, баркамол авлодни тарбиялашга доир илғор ишланмалар билан таништиришга хизмат қилади.