Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда “ЦСКА” клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев собиқ клуби “Пахтакор”да қанча маош олгани маълум бўлди. Бу ҳақда футболчининг ўзи “Pulnews” YouTube каналига берган интервьюсида маълум қилган.
“17 ёшимда “Пахтакор”нинг асосий жамоаси ўйинларида дебют қилдим. Жамоадаги ойлик маошим 12 миллион 500 минг сўмни ташкил қилган”, — дейди Аббосбек Файзуллаев.
Москвада тўп сураётган Файзуллаев клубдаги маоши ҳақида гапирмасликни лозим топган.
“Шартномамга кўра ойлик маошим ҳақида маълум қилолмайман. Москвадаги харажатларим ойига 4-5 минг долларга етади. Маошимдан қолган қисмини оиламдагиларга бераман”, —дейди 20 ёшли ўзбекистонлик футболчи Аббосбек Файзуллаев.
Аббосбек ҳозирда Ўрта Осиёнинг энг қиммат футболчиси ҳисобланади. Transfermarkt портали Аббосбекни 6 миллион еврога баҳолаган.
- Аббосбек Файзулаев 2023 йил “ЦСКА” сафига 500 минг евро эвазига кўчиб ўтган эди.
- Аббосбек жорий мавсум “ЦСКА” таркибида барча мусобақаларда 32 та ўйин ўтказиб, 5 та гол ва 14 та голли узатмага муаллифлик қилди.
- Футболчи Россия Премьер Лигасида “Мавсум кашфиёти” соврини эгасига айланди.