Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Лига кубоги 1/8 финал босқичида “Брайтон”га қарши ўйинда 6,9 балл билан баҳоланди.
28 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда “Манчестер Сити” ўз майдонида “Брайтон”ни қабул қилди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланган баҳсда ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда манчестерликлар 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг чорак финалига йўл олди.
Ушбу учрашувда Абдуқодир Ҳусанов 76-дақиқада захирадан майдонга тушди ва баҳс якунига қадар ҳаракат қилди.
“Sofascore” портали ўзбекистонлик футболчининг ўйинини 6,9 балл билан баҳолади. Бу “Манчестер Сити” ҳимоячилари орасидаги иккинчи энг яхши кўрсаткич бўлди. Жамоа ҳимоячилари орасида энг юқори баллни эса учрашувда гол урган бразилиялик Витор Рейс қайд этди — 7,3 балл.
Шу тариқа, “Манчестер Сити” Англия Лига кубогининг чорак финалига чиқди, “Брайтон” эса мусобақадаги иштирокини якунлади.
Қайд этиш жоиз, жамоалар 31 октябрь куни Англия Премьер-лигаси доирасида яна ўзаро баҳс олиб боради.






