АсосийJamiyat

Ноқонуний савдога қарши қандай қонуний курашилади?

'Ноқонуний савдога қарши қандай қонуний курашилади?'ning rasmi

Жорий йил бошидан бери 213 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 19 миллиард сўмлик 837 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Кичкина рақамлар эмас, шундайми?

Биргина Тошкент вилоятининг Келес туманида ўтказилган тезкор тадбирда қоидабузар шахслар аввалдан кузатувда бўлган юк машинасидан енгил автомашинага қиймати 462,5 миллион сўмлик 9 минг 250 қути сигаретларни ўтказган вақтда ушланди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, юк автомобили юкхонасида ташқи томондан ҳосил қилинган яширин бўлмаларга қиймати 41 миллион сўмлик 820 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Энди тасаввур қилинг, рақамли маркировкага эга бўлмаган, ишлаб чиқарувчиси, керак бўлса таркиби номаълум бўлган мазкур тамаки маҳсулотлар бозорга чиқиб кетса нима бўларди? Бу рақамлар аниқланган ҳолатлар, демак аниқланмаганлари ҳозир истеъмолда.

Шуларни инобатга олиб, яширин ишлаб чиқаришнинг олдини олиш, аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ҳамда рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш, уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бир ҳафта оралиғида икки муҳим ҳужжат қабул қилинди. Хўш, қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар тизимда қандай янгилик олиб кирди. Бугун шу ҳақда гаплашамиз.

Аввал огоҳлантирилади, кейин жазоланади

Шу йилнинг 30 май куни қабул қилинган “Мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан маркировкаланадиган маҳсулотларни маркировкани ўқиш қурилмаларидан фойдаланмаган ҳолда сотиш ҳолатлари солиқ органлари базаси маълумотлари асосида аниқланганда, ушбу тадбиркорлик субъектлари шахсий кабинети орқали ҳолат юзасидан огоҳлантирилади ҳамда қуйидаги чораларни кўриш амалиёти жорий этилади:

✓ икки марта огоҳлантиришдан сўнг қонун бузилиши бир ой ичида қайта такрорланган тақдирда, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқбузарлик содир этилган чоракдаги фаолият юзасидан солиқ текшируви тайинланади;

✓ қонун бузилиши солиқ текшируви якунлангандан бир ойдан кейин қайта такрорланганда тадбиркорлик субъектларини хабардор қилмасдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни текшириш кунида хабардор қилган ҳолда солиқ текшируви тайинланади.

Солиқ органларига қўшимча ваколат берилади

Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар бўйича аниқланган қалбаки ва контрафакт ҳолатлар ҳамда маркировкалаш қоидалари бузилганлиги юзасидан текширувларни тадбиркорлик субъектларини хабардор қилмасдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни текшириш кунида хабардор қилган ҳолда амалга ошириш ҳамда ҳар чоракда мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ текширувларини амалга ошириш ваколати берилади.

Тадбиркорга ҳам енгиллик бўлади

2027 йил 1 январга қадар рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини камайтириш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш учун зарур бўлган ва импорт қилинадиган ускуналар (ТИФ ТН кодлари: 7616 999 009, 9029 900 009, 8544 499 500 ва 8528 529 000) 2024 йил 1 июндан 2027 йил 1 июнга қадар божхона божидан озод қилинади.

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси тузилади

Соҳани ислоҳ қилиш борасидаги яна бир муҳим ҳужжат – “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги президент фармони шу йилнинг 3 июнь куни имзоланди. Унга кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилсин.

Фармонда инспекциянинг асосий вазифалариҳам белгилаб қўйилган. Хусусан:

• истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳамда ушбу жараёнлар устидан назоратини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш;

• истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш;

• истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;

• давлат стандартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилиши устидан назорат қилиш бўйича ишларни тегишли ваколатли органлар билан биргаликда ташкил қилиш;

• истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилишини текшириш ва мониторинг қилиш;

• истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;

• алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва айланмасининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида ваколатли органлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

• алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш ҳамда уларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймасликка қаратилган профилактика ва тушунтириш ишларини олиб бориш.

Қўшимча лицензия талаблари жорий этилади

Фармон билан, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:

• йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;

• алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;

• алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.

Қонунбузарлар қандай жазоланади?

Тартибга амал қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлади. Масалан, яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади. Бундан ташқари, қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия бекор қилинади.

Хулоса қилиб айтганда соҳада яхши ўзгаришлар бўляпти. Энди тадбиркорлар ҳам шунга яраша иш қилиши керак.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар