АсосийСаломатлик

Беморга қачон гипертония ташхиси қўйилади?

Гипертония — бугун дунё аҳолиси орасида энг кенг тарқалган юрак-қон томир хасталикларидан бири. Афсуски, сўнг вақтларда ушбу касаллик нафақат катталар, балки ёшлар орасида ҳам кўп учрамоқда.

'Беморга қачон гипертония ташхиси қўйилади?'ning rasmi

Хўш, бунинг сабаблари қандай? Хасталикнинг белгилари, асоратлари ва олдини олиш усуллари нималардан иборат?

Ушбу саволларга Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Маслаҳат поликлиникаси мудири Ойбек Ўринов жавоб берди.

 — Гипертония — қон томирларининг нерв-функционал фаолияти бузилиши натижасида келиб чиқади, — дейди мутахассис. — Афсуски, кўпчилик инсонлар ўзида касаллик белгилари борлигини билса ҳам даволанишни ортга суради. Оқибатда эса организмда жиддий асоратлар кузатилади. 

Маълумотларга кўра, гипертония юрак-қон томир тизими касалликлари билан хасталанган кишиларнинг ўлимига олиб келувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

 Тавсияларига кўра, нормал артериал қон босими АД 140/90 мм. симоб устунидан ошмаслиги керак. Агар беморда шифокорнинг икки марта кўригидан ўтганда дам олиш ҳолатида 140-160/90-95 мм. симоб устунидан юқори бўлса, гипертония ташхиси қўйилади.

Қандай хавф омиллари бор?

Касалликнинг бир неча хавф омиллари мавжуд. Хусусан:

  •  ирсият, ёш;
  •  стресслар;
  •  тузли овқатни кўп истеъмол қилиш;
  • зарарли одатлар;
  • қонда ёғлар мувозанати бузилиши ва қанд миқдори ошиши;
  • метаболик синдром;
  • гиподинамия (кам ҳаракатли турмуш тарзи);
  • ортиқча вазн ва бошқалар.

Белгилари нима?

Юқори қон босимига чалинган беморларда бир қанча белгилар кузатилади. Жумладан:

  • бош оғриғи ва айланиши, тез чарчаш, бурундан қон кетиши;
  • қулоқларда шовқин;
  • кўриш ва хотиранинг бузилиши;
  • кўнгил айниши ва қайт қилиш;
  • жисмоний фаолликдан сўнг тери юзасининг қизариши;
  • кўздаги кучли босим;
  • нафас қисилиши, юракнинг тез уриши ва ҳоказо.

Гипертонияни ўз вақтида даволамаслик оқибатида организмда миокард инфаркти, инсульт, сурункали юрак етишмовчилиги, аневризма, буйракларнинг зарарланиши, кўз ёруғлигининг ўзгариши, хотира сусайиши каби жиддий хасталиклар келиб чиқиши мумкин.

Касаллик ривожланишининг олдини олиш учун жисмоний фаоллик, кам тузли парҳезга риоя қилиш, психологик ҳорғинликдан халос бўлиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ҳайвон ёғларини чеклаш ва йилда бир марта профилактик тиббий кўриклардан ўтиб туриш лозим.

    Бошқа янгиликлар